Ўзбекистон МСК раиси илк бор АҚШда президентлик праймеризларини кузатмоқда (фото)

Жамият

image

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев бошчилигидаги делегация биринчи марта Лос-Анжелес округи котибининг таклифига биноан АҚШда президентлик праймеризларига тайёргарлик кўриш жараёни билан танишиш мақсадида АҚШнинг Калифорния штатида бўлиб турибди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, АҚШда туғилган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ва сайловгача камида ўн тўрт йил Қўшма Штатлар ҳудудида яшаётган шахс президентликка номзод бўлиши мумкин. Демократик ва Республикачилар партияларидан президентликка номзодларни кўрсатиш одатда мазкур партияларнинг энг машҳур аъзоларини аниқлашга имкон берувчи праймериз жараёнлари орқали амалга оширилади. АҚШ президентлик праймеризлари штатлар даражасида ўтказиладиган бирламчи президентлик сайловлари институти бўлиб, унинг натижаларига кўра делегатлар ҳар бир партиядан ягона президентликка номзодларни аниқлаш мақсадида миллий партия қурултойига юборилади.

АҚШда президент тўғридан тўғри сайловчилар томонидан эмас, балки сайловчилар коллегияси томонидан сайланади. Ноябрь ойининг дастлабки душанбасидан кейинги биринчи сешанба кунида сайловлар бўлиб ўтади, унда ҳар бир штат аҳолиси АҚШ Конгрессидаги ўз вакиллари сонига мутаносиб равишда сайловчилар коллегияси аъзоларини сайлайди. Калифорния штати энг кўп сайловчилар коллегияси аъзоларига эга бўлиб, уларнинг сони 55 нафарни ташкил қилади. 

Лос Анжелес округи котиби ва унинг идораси мазкур ҳудудда барча даражадаги сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этиш, жумладан, сайловчиларни рўйхатга олиш, уларни бўлажак сайловлар тўғрисида хабардор қилиш ҳамда сайлов технологияларини жорий этиш каби вазифаларни амалга оширади.

Хорижий кузатувчиларни АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси аъзоси Кристи МакКормик ва Лос Анжелес округи котиби Дин Логан кутиб олди. Улар АҚШ сайлов тизими, сайлов маъмуриятининг асосий вазифалари ва функциялари билан таништирди.

Калифорния штати праймеризларида овоз бериш жараёнлари 5 мартга белгиланган. Барча сайловчиларга сайлов бюллетенлари олдиндан юборилган. Бюллетенда штат даражасида ва маҳаллий даражадаги номзодларнинг узун рўйхати ҳамда уларни тасдиқлаш ёки рад этиш масалалари, шу жумладан, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга партияларнинг президентликка номзодлари ва АҚШ Сенатига очиқ праймеризлар учун икки нафар энг яхши номзодларни аниқлашга доир маълумотлар акс этган.

Сайловга ўн кун қолганда ўз фаолиятини бошлайдиган овоз бериш марказлари сайловчиларга почта орқали юборилган бюллетенларни қайтариш, муддатидан олдин ёки сайлов куни шахсан овоз бериш имкониятларини яратиб беради. Шу мақсадда, округ ҳудудида 644 та овоз бериш марказлари ташкил этилган бўлиб, улардан 119 таси сайловга ўн кун қолганда очилган бўлса, қолган 525 таси 2−5 март кунлари ўз фаолиятини бошлайди.

Сайловчилар тўлдирилган бюллетенларни почта орқали юборишлари ёки овоз бериш марказларидаги махсус қутиларда қолдиришлари мумкин.

1 март куни Ўзбекистон МСК делегацияси хорижий кузатувчилар гуруҳи таркибида Лос-Анжелесдаги жамоат кутубхонасида ташкил этилган овоз бериш марказига борди, у ерда марказ ходимлари ва сайловчилар билан суҳбатлашди ҳамда махсус электрон овоз бериш ускуналари ёрдамида овоз бериш жараёнларини кузатди.

Кузатувчилар гуруҳи VSAP (Voting Solutions for All People – Барча учун овоз бериш ечимлари) операцион маркази фаолияти билан танишди. Операцион марказ электрон овоз бериш ускуналари ва сайловчиларни онлайн рўйхатга олиш мосламаларини сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва уларни овоз бериш жараёнларига тайёрлаш, шунингдек, овоз бериш марказларида уларнинг ишлашини мониторинг қилинишини таъминлайди.

Ташриф доирасида АҚШ сайловларида қўлланиладиган замонавий сайлов технологияларини ўрганишга оид бошқа тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, 2023 йил 25 апрелда АҚШнинг амалдаги Президент Жо Байден қайта сайланиш учун демократлар партиясидан ўз номзодини қўйишини маълум қилган эди. Американинг собиқ етакчиси Дональд Трамп эса 2022 йил ноябрь ойида республикачилар партиясидан сайловолди пойгасига киришишини эълон қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий сайлов комиссияси Зайниддин Низомхўжаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг