Ўзбекистон минтақада “чемпион” ҳисобланади – Сенат Раиси
Интервью
−
06 Февраль 2020
8795“Бугунги давра суҳбатида мазкур дастур доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили ўтқазилмоқда. Халқаро ҳамжамият вакилларининг фикрича, халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш, белгиланган талабларни бажариш масалалари бўйича Ўзбекистон минтақамиз доирасида “чемпион” ҳисобланади”, дейди Танзила Норбоева.
Кеча, 5 февраль куни “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнатни таъминлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилгандик. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева QALAMPIR.UZ сайтига мажбурий меҳнат, Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилиниши режалаштирилган конвенциялари ҳақида интервью берди.
Норбоевага кўра, 2013 йилдан бошлаб Халқаро меҳнат ташкилоти билан давлат ҳамкорлиги янгича тус олган. Шу йилдан Ўзбекистон томонидан муносиб меҳнат дастурлари имзоланиши бошланган. Дастурнинг асосий йўналишлари етарли иш ҳақига эга иш ўринларини яратиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва уларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш масалаларига қаратилади. Бу соҳаларда ижобий ўзгаришларни амалга ошириш биргина Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг иши эмас. Балки барча вазирлик, идора, ташкилотлар, айниқса, жамоат ташкилотлари ва дунёда нуфузи юқори бўлган ХМТнинг ҳам иштироки талаб қилинади. Шу сабабли улар билан имзоланган кенг миқёсли дастурлар мавжуд.
“ХМТ БМТнинг меҳнат масалаларида фаолият юритувчи бир агенти ҳисобланади. Унинг 200 га яқин конвенцияси бор. Ўзбекистон шулардан 17 тасини ратификация қилган. Нима учун кам деган савол пайдо бўлиши мумкин. 3-4 йил аввал ҳам 13 та конвенция ратификация қилинганди холос. Сўнгги 3 йилда ХМТнинг энг асосий конвенцияларини ратификация қилдик. Энг асосийси, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати тўғрисидаги конвенцияларга ҳам қўшилдик.
Бу йилги мониторинг ўтказиш натижалари жуда ижобий баҳоланди. Олдинги йиллари қишлоқ хўжалиги соҳасида бюджет ташкилотлари вакиллари, талабаларни меҳнатга мажбурлаш, уларга ҳақ тўламаслик, меҳнат қилиш шароитларининг талабга жавоб бермаслик ҳолатлари кузатиларди. Аввалига бола меҳнатини бартараф қилдик. Икки йил ичида эса мажбурий меҳнатни бартараф қилганимизни жаҳон ҳамжамияти алоҳида эътироф этмоқда”, дея таъкидлади Сенат Раиси.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15