Ўзбекистон Макейнинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Олам
−
28 Ноябрь 2022
7154Расмий Тошкент Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Владимирович Макейнинг бевақт вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ҳамдардлик баёнотида айтилади.
“Владимир Владимирович моҳир ва тажрибали дипломат, ўз соҳасининг устаси ва Беларуснинг ҳақиқий ватанпарвар инсони эди.
Унинг кўп қиррали Ўзбекистон-Беларус муносабатларини ривожлантиришга бўлган самимий интилиши алоҳида эътиборга молик. Айниқса, сўнгги йилларда у Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.
Владимир Макей ўзидан ижобий ва ёрқин хотиралар қолдирди.
Владимир Владимирович Макейнинг ҳамкасблари, яқинлари ва дўстларига ҳамдардлик ва далда сўзларимизни билдирамиз”, дейилади ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 26 ноябрь куни Беларусь Ташқи ишлар вазири Владимир Макей тўсатдан вафот этди.
Маълумот учун, Владимир Владимирович Макей 1958 йилда Беларуснинг Гродно вилоятида туғилган. 1980 йилда Минск давлат чет тиллар педагогика институтини, 1993 йилда Австрия Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясини тамомлаган.
У 1999-2000 йилларда Беларусь Ташқи ишлар вазирлигининг умумевропа ҳамкорлиги бўлими бошлиғи бўлган. 2000-2008 йилларда – Беларусь Президентининг ёрдамчиси, 2008-2012 йилларда – Президент маъмурияти раҳбари бўлган.
2012 йил 22 августдан бери Владимир Макей Беларусь Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган.
LiveБарчаси