Ўзбекистон Қозоғистонга 900 млн куб метрдан ортиқ сув етказиб беради

Жамият

image

Қозоғистон Ўзбекистондан суғориш мавсумида “Дўстлик” канали орқали 922 миллион куб метр сув олади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги хабар берди.

Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 86-йигилишида иштирок этган. Комиссия таркибига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киради.

Учрашув якунлари бўйича вазир суғориш мавсумида “Дўстлик” давлатлараро канали орқали оқиб ўтадиган 922 миллион куб метр сувни Қозоғистонга етказиб беришга келишиб олган.

Шу билан бирга, Туркистон вилоятидаги Шардара сув омборида 4,8 миллиард куб метр сув тўпланган. Қозоғистон жанубидаги далаларни суғоришда фойдаланиладиган Қирғизистондаги Тўқтўғул сув омборида эса 8 миллиард куб метр сув йиғилган.

Шунингдек, йиғилишда Норин-Сирдарё каскади сув омборларини жорий йилнинг 30 сентябрига қадар фойдаланишнинг прогноз жадвали тасдиқланди. Йиғилишда Қозоғистон йил бошидан буён раислик қилаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ишлар алоҳида муҳокама қилинди. Қозоғистон барча ташкилий ишларни якунлади.

“Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик механизмини яратиш тўғрисида”ги шартнома лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

“Ҳозирги биринчи вазифамиз тошқин сувини йиғишдир. Биз уни Каспий денгизи, Балхаш, Қамиш-Самар кўлларига, Улитов вилоятидан Қизилўрда вилояти кўлларига ва ҳоказоларга жўнатамиз. Лекин жанубий вилоятларни ҳам сув билан таъминлаш муҳим. Бу борада эса сув дипломатияси муҳим аҳамиятга эга, дейди Нуржон Нуржигитов.

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтади.

Муқаддасхон Саттарова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон сув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг