Ўзбекистон қонун устуворлиги индексида 8 йилда илк бор пастлади
Жамият
−
24 Октябрь
2802Ўзбекистон 2016 йилдан бери биринчи марта мамлакатлардаги қонун устуворлигини кўрсатувчи индексда пастлади. Бу ҳақда “Global Rule of Law Index”нинг 2024 йилги янгиланган рейтингида келтирилган.
Бутунжаҳон адолат лойиҳасининг (WJP) Глобал қонун устуворлиги индекси ўзининг 2024 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 142 давлат орасида 83-ўринни эгаллаганини қайд этган. 2024 маълумотларига кўра, еттинчи йил давомида қонун устуворлиги глобал миқёсда пасайиб кетган. Бу йил сўровда қатнашган аксарият мамлакатларда (57 фоиз) қонун устуворлиги яна заифлашган. Бироқ индекс маълумотлари қонун устуворлигининг глобал рецессиси секинлашаётгани ва тараққиёт бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Қонун устуворлиги бузилаётган мамлакатлар улуши кетма-кет учинчи йил қисқарди ва баъзи сезиларли даражада яхшиланган йўналишлар пайдо бўлди. Сўнгги 5 йил ичида биринчи марта коррупция йўқлигини ўлчайдиган индекс омили бўйича кўп мамлакатлар яхшиланган. Жорий йилда коррупция мамлакатларнинг деярли бешдан уч қисмида (59 фоиз) камайган.
Таҳлилларга кўра, айни пайтда авторитар тенденциялар мамлакатларни инсон ҳуқуқлари ва демократияни ҳимоя қилишдан орқага қайтаришда давом этмоқда. Бугунги кунда 6 миллиарддан ортиқ одам қонун устуворлиги 2016 йилдагига қараганда заифроқ мамлакатларда истиқомат қилади.
WJP'нинг Қонун устуворлиги индекси асл, мустақил қонун устуворлиги маълумотларининг дунёдаги етакчи манбасидир. Унинг тадқиқотлари дунё аҳолисининг 95 фоизини қамраб олган 142 мамлакат ва юрисдикцияда қонун устуворлигини ўлчаш учун экспертлар ҳамда уй хўжаликлари сўровларига асосланади.
Рейтинг ҳукумат ваколатларини чеклаш, коррупциянинг йўқлиги, очиқ ҳукумат, инсон ҳуқуқлари, ҳимоя ва хавфсизлик, қонун назорати, фуқаролик судлови, жиноий судлов даражаси каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилган.
Ўзбекистон жорий йилда ҳимоя ва хавфсизлик даражаси бўйича энг яхши натижани қайд қилган. Қолган кўрсаткичлари дунё мамлакатлари орасида ўртача даражага эга.
Қайд қилинишича, Ўзбекистон рейтингда 2016 йилдан бери биринчи марта пастламоқда ва 2023 йилга нисбатан 5 поғона пастга тушган.
Рейтингнинг дастлабки беш поғонасидан Дания, Норвегия, Финляндия, Швеция ва Германия жой олган. Шунингдек, рейтингда Қозоғистон 65-ўринда, Қирғизистон 101-ўринда, Россия 113-ўринда қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё мамлакатларининг интернет эркинлиги даражаси бўйича рейтинги янгиланганди. 100 баллик системада 27 балл олган Ўзбекистон интернет тармоғи эркин бўлмаган давлатлар қаторида қайд этилганди.