Ўзбекистон Қирғизистонга туркман газидан ишлаб чиқарилган электр энергияни етказиб берди
Жамият
−
21 Декабрь 2022
8560Ўзбекистон Қирғизистонга туркман газидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб берди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
2021 йил 11 мартда Қирғизистон Энергетика ва саноат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги ўртасида имзоланган баённомага мувофиқ, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш тасдиқланган жадваллар асосида амалга оширилмоқда.
Марказий Осиё минтақасида сув камлиги ҳисобга олиниб, Тўхтагул сув омборининг ўта оғир даражага тушишига йўл қўймаслик учун келишувларга асосан Туркманистон газидан ишлаб чиқарилган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилган.
Шартнома асосидаги келишувларга мувофиқ, электр энергиясини Туркманистондан Қирғизистонга Ўзбекистон энергетика тизими орқали транзит қилиш энергетика тизимларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.
Томонларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида 2023 йилда Туркманистон электр энергияси транзитини таъминлашга қаратилган тегишли шартномалар имзоланган.
“Икки мамлакат энергетика вазирликлари ва энергетика корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва энергетика тизимлари ишлаш режимининг изчиллиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси