Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутат Жаҳонгир Ширинов сўз очди. 

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Ширинов, мажлисда, Конституцияга киритилаётан концептуал ўзгартишларга қисқача тўхталиб ўтди. 

Унинг қайд этишича, Конституцияда илгари амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилинмоқ. 

“Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари уй-жой билан таъминланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар белгиланмоқда. Бошқача айтганда, ижтимоий давлатга хос бўлган барча элементлар Конституциямизда акс эттирилмоқда”, дейди Ширинов.

Депутатнинг маълум қилишича, эндиликда ўзгартирилаётган Конституцияда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар янада такомиллаштирилмоқда. Жумладан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланган.

Маълумот учун, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган. Қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституция қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг