Ўзбекистон Франциянинг уран компанияси билан ҳамкорликни кенгайтиришга рози бўлди
Жамият
−
03 Ноябрь 2023
5192Ўзбекистон Франциянинг Orano уран компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш ва илғор технологиялар асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Таъкидланганидек, бу йўналишда Orano компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган”, дейилади баёнотда.
Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, бизнес-форум доирасида Мирзиёев Orano раҳбари Клод Имовен билан ҳам учрашган. Учрашувда геология-қидирув ва уран қазиб олиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуслари қўллаб-қувватланган.
Шунингдек, форум давомида томонлар EDF, Voltalia ва Total Energies компаниялари билан лойиҳаларни амалга ошириш бошланган “яшил” энергетика соҳасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирган.
“Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий инфратузилмани яратиш муҳим устувор йўналиш сифатида белгиланди. Мамлакатимизнинг сув таъминоти тизимлари ва иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш бўйича SUEZ, Eiffage ва Veolia компаниялари билан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қайд этиш жоизки, Бутунжаҳон ядровий ассоциацияси маълумотларига кўра, Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича етакчи беш давлат қаторига киради.
Эслатиб ўтамиз, Франция Президенти Эммануэль Макрон 1-2 ноябрь кунлари Ўзбекистонда бўлганди. У Президент Шавкат Мирзиёев билан яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Макроннинг Ўзбекистонга сафаридан олдин “Bloomberg” нашри Франция Президентининг мақсади ўз мамлакатининг энергия хавфсизлигини яхшилаш эканини ёзди. Нигер билан алоқалари ёмонлашган Фрациянинг уранга бўлган эҳтиёжини қондириш учун унга янги ҳамкорлар кераклиги айтилди.
LiveБарчаси