Ўзбекистон Франциядан қирувчи самолёт сотиб олиши мумкин
Жамият
−
27 Ноябрь 2023
9948Франция Қозоғистон ва Ўзбекистонга ўзининг "Rafale" қирувчи самолётларини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “La Tribune” газетаси манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Франциянинг Dassault Aviation компанияси бу йўналишда бир неча ойдан бери иш олиб борган, Қозоғистон ва Ўзбекистон эса "Rafale" қирувчиларига қизиқиш билдирган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон 24 тагача қирувчи самолёт сотиб олиши мумкин. Шу билан бирга, Тошкент бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган самолётларни ҳам кўриб чиқиш эҳтимоли бор.
Хабарда ёзилишича, Қозоғистон ҳам ўзининг жанговар самолётлар паркини янгиламоқчи, бироқ бу мамлакатга "Rafale" қирувчи самолётларини етказиб бериш истиқболлари узоқроқ кўринади.
Жорий йилнинг июль ойи ўрталарида Ҳиндистон Мудофаа вазирлигининг Мудофаа бўйича харидлар кенгаши Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларига 26 та "Rafale M" ташувчи-қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланишини маъқуллади. Бундан ташқари, газетанинг хабар беришича, Франция Саудия Арабистони билан 54 та Rafale қирувчи самолётига шартномалар устида музокаралар олиб бормоқда.
Маълумот учун, "Rafale" – Франциянинг Dassault Aviation компанияси томонидан ишлаб чиқилган тўртинчи авлод кўп мақсадли француз қирувчи самолёти. Биринчи парвозни 1986 йил июль ойида амалга оширган. 2004 ва 2006 йилларда Франция денгиз флоти ва ҳаво кучлари томонидан қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Франция Президенти Эммануэль Макрон Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, Президентлар Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди. Бироқ, расмий учрашувлар ҳақида тарқатилган хабарларда Президентлар ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик ва мудофаа масалаларини муҳокама қилгани ҳақида маълумот берилмаган.
LiveБарчаси