Ўзбекистон Эронни ютиб, CAFA Nations Cup ғолиби бўлди (видео)
Спорт
−
08 Сентябрь 9749 1 дақиқа
Бугун, 8 сентябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси CAFA Nations Cup-2025 турнири финалида Эрон миллий терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Ўйиннинг катта қисмини 1 ўйинчи устунлигида ўтказган ўзбекистонликлар қийинчилик билан ғалаба қозонди.
Учрашувнинг 5-дақиқасидаёқ ҳакам Эрон футболчиси Аря Юсуфини Аббосбек Файзуллаевга нисбатан қўпол ўйнагани учун майдондан четлатди. Шундан сўнг ўйин назорати ва устунлиги тўлиқ ўзбекистонликлар ташаббусига ўтди. Бир неча ҳужумлар уюштирилганига қарамай биринчи бўлимда гол бўлмади.
Иккинчи бўлимни ҳам Ўзбекистон МТЖ футболчилари устунлик билан бошлади, бироқ тайм ўрталарида эронликлар ҳам кетма-кет ҳужумлар уюштиришга эришди. 54-дақиқада дарвозабон Ўткир Юсупов жароҳат сабаб майдонни тарк этди, унинг ўрнига Владимир Назаров ўйинни давом эттирди. 89-дақиқада бош ҳакам Ҳожиакбар Алижоновга қизил карточка кўрсатди, VAR текширувидан сўнг қарор сариқ карточкага ўзгартирилди. Учрашув асосий вақти шу тариқа якунланди. Баҳс экстра-таймларда давом эттирилди. Ўйиннинг сўнгига 1 дақиқа қолганда – 119-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов гол уриб, Ўзбекистон ғалабасини таъминлади. Шу тариқа Ўзбекистон МТЖ тарихда илк бор ўз уйида Эрон МТЖни мағлуб этди.
Live
Барчаси