Ўзбекистон энг кўп олтин харид қилган давлатлар қаторида иккинчи ўринни эгаллади
Олам
−
06 Сентябрь
8871Ўзбекистон Марказий банки жорий йилнинг июнь ойида 9 тонна, июлда эса 9,6 тонна олтин сотиб олиб, олтин захираларини 375 тоннага етказди. Бу ҳақда “World Gold Council” ҳисоботида келтирилган.
Унга кўра, июль ойида Ўзбекистон энг кўп олтин сотиб олган давлатлар қаторида иккинчи ўринни эгаллаган. Нархлар ошганига қарамай, июль ойида Марказий банкларнинг олтинга талаби мустаҳкамланган.
Марказий банклар томонидан соф харидлар икки баравар кўпайиб, 37 миллион долларга етди. Польша Миллий банки етакчи харидор бўлган бўлса, ундан кейинги ўринларни Ўзбекистон Марказий банки ва Ҳиндистон Захира банки эгаллади. Прогнозларга кўра, Марказий банкларнинг олтинга бўлган талаби келгуси ойларда ҳам давом этади.
Таҳлилларга кўра, Қозоғистондан ташқари, июль ойида еттита Марказий банк ўз захираларига бир тонна ёки ундан кўпроқ олтин қўшган. Қозоғистон Марказий банки июль ойида ягона сотувчи бўлган. Унинг олтин захираси 4 тоннага камайди, бу эса унинг олтин захираларини 295 тоннагача ёки умумий захирасини 55 фоизгача қисқартирди.
Етакчиликни банд қилган Польша Миллий банки энг йирик харидор бўлиб, ўз захираларига соф 14 тонна олтин қўшди. Бу харид унинг олтин захираларини 392 тоннагача ёки умумий захираларнинг 15 фоизи миқдоригача кўтарди. Ўзбекистон эса 9,6 тонна олтин сотиб олди ва ўз олтин захираларини 375 тоннагача етказди. Ҳиндистон захира банкининг олтин захиралари июль ойида 5 тоннага кўтарилди, яъни банк бу йил шу пайтгача ҳар ой олтин сотиб олди. Январь-июль ойларида Ҳиндистоннинг соф олтин харидлари жами 43 тоннани ташкил этиб, захиралари 846 тоннагача кўтарилди.
“Олтин нархининг кўтарилиши бу йил Марказий банкларнинг олтин талабига қандайдир таъсир кўрсатиши мумкин бўлса-да, соф олтин сотиб олишнинг узоқ давом этган тенденцияси сақланиб қолмоқда”, дея ёзган портал.
Жаҳон олтин кенгаши ўтказган сўнгги сўров натижаларига кўра, олтин нархи ошган бўлса-да, уни сотиб олишга талаб камаймаслиги мумкин. Бунинг асосий сабаблари олтиннинг қиймат омбори сифатидаги роли ва инқироз давридаги аҳамияти билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 294 миллион долларга камайгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси