Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчи ва мураббийи бўлиш учун номзодлар эълон қилинди
Спорт
−
18 Декабрь 2023
3491Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси ва мураббийи бўлишга номзодлар аниқ бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) матбуот хизмати хабар берди.
Мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун Драган Черан, Ҳожиакбар Алижанов (иккаласи ҳам “Пахтакор”), Жамшид Искандаров, Остон Ўрунов (иккаласи ҳам “Навбаҳор”), Шаҳзод Убайдуллаев, Забиҳилло Ўринбоев (иккаласи ҳам “Металлург”), Ислом Кенжабоев (“Қизилқум”), Рубин Ҳебай (“Андижон”) ва Сильванус Нимели (“Сурхон”) каби футболчилар даъвогарлик қилмоқда.
Энг яхши мураббий совринига эса Максим Шацких (“Пахтакор”), Рўзиқул Бердиев (“Насаф”), Самвел Бабаян (“Навбаҳор”), Виталий Левченко (“Нефтчи”), Александр Хомяков (Андижон) ва Миржалол Қосимов (ОКМК) номзодлар қаторидан жой олган.
Маълумот учун, 2023 йилги мавсум давомида Черан (апрель), Ўрунов (май), Ҳебай (июнь), Ўринбоев (август), Убайдуллаев (сентябрь), Искандеров (октябрь), Нимели (ноябрь) кабилар ой футболчиси сифатида тан олинган, Кенжабоев эса бир неча бор ой футболчиси совринига номзод бўлганди.