Ўзбекистон Бангладешда дипломатик ваколатхонасини очади

Жамият

image

Ўзбекистон Бангладешда дипломатик ваколатхонасини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг Бангладеш Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Абул Қалам Абдул Момен билан учрашувида айтиб ўтилди.

Дакка шаҳрида ўтган учрашувда томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.

Савдо муносабатларини фаоллаштириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун тариф ва нотариф тартибга солишни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланган. Ушбу нуқтаи назардан, тегишли вазирлик ва идораларга бир қатор муҳим келишувлар бўйича музокараларни жадаллаштириш вазифаси юклатилган.

“Таъминот занжирларининг логистикасини такомиллаштириш ва камхаражат транспорт йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон – Чабаҳар порти – Читагонг порти” йўналиши бўйича илк бор юкларни ташиб кўриш, шунингдек, “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Biman Airlines” Бангладеш миллий авиаташувчиси ўртасида Тошкент – Деҳли - Дакка ва тескари йўналишда авиақатновни ташкил этиш бўйича код-шеринг (рейсларни ҳамкорликда эксплуатация қилиш) шартномасини тузишга келишилди.

Кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-поябзал ва фармацевтика саноатида қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳамда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича якдил қарорга келинди”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, Дакка шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш имконияти муҳокама қилинди. Рамзий маънода ушбу тадбирни мамлакатлар ўртасида икки томонлама муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаш таклифи билдирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Бангладеш

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг