Ўзбекистон АҚШга расмий нота юборди
Жамият
−
18 Апрель 2020
18358Ўзбекистон Республикасининг Вашингтондаги элчихонаси визаси тугаётган ўзбекистонликларга ёрдам бериш бўйича АҚШга расмий нота юборди. Бу ҳақда бугун, 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиметов АОКА штабида ўтказилган брифингда маълум қилди.
Маълум қилинишича, Авазбек Ҳожиметовга АҚШдаги Ўзбекистон фуқароси визаси тугаётгани ва бу масалада қандай йўл тутиши кераклигини сўраб савол йўллаган. Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, бу масалада АҚШга расмий нота юборилган.
“АҚШда бўлиб турган баъзи Ўзбекистон фуқаролари визалари муддати тугаётгани ва рейслар бекор қилинганини инобатга олиб, Вашингтон шаҳридаги элчихонамиз 2020 йил 17 март куни АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистон фуқароларининг виза муддатларини узайтиришда енгиллик бериш, уларнинг мурожаатларини тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишни сўраб расмий нота юборди.
Мазкур нота АҚШ Давлат департаменти томонидан кўриб чиқилмоқда, бу масала бўйича якуний қарор қабул қилинмаган“, дейди Авазбек Ҳожиметов.
Шунингдек, вазирлик вакили АҚШга кириш визаси муддати тугаётган ватандошларимизга уни қайта расмийлаштириш учун иммиграция хизматининг энг яқин идорасига виза муддати тугашидан олдин мурожаат қилишни тавсия этди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 апрель куни АҚШ ўз ҳудудидан фуқароларини олиб чиқиб кетмаган давлатларга санкция қўллашни маълум қилган эди.
LiveБарчаси