Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди – ОАВ

Жамият

image

Ўзбекистон техник сабабларга кўра Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни “TOLOnews” телеканали хабар берди. 

Нашр Афғонистоннинг “Da Afghanistan Breshna Sherkat” энергетика компанияси вакилига ишора таяниб хабар тарқатган. Манбанинг сўзларига кўра, энергия таъминотини қачон тиклаш мумкинлиги ҳозирча маълум эмас. 

“Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати вакиллари Ўзбекистон расмийлари билан таъминотни қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб бормоқда”, дейилади хабарда. 

Электр тақчиллиги шароитида “Толибон” Қобулда иссиқлик электр станциясини очишга мажбур бўлди, бироқ унинг иши, компания вакилига кўра, расмийлар учун жуда қиммат. Пойтахт аҳолиси паст ҳарорат шароитида электр таъминотидаги узилишлар туфайли кўплаб муаммоларга дуч келаётганидан шикоят қилмоқда.

Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам газ ва электр энергияси билан боғлиқ вазият инқирозли бўлиб турибди. Мамлакатда давом этаётган аномал совуқ ҳаво туфайли мактабларда қишки таътил узайтирилди. Пойтахт Тошкент туманларида ҳам газ ва электр энергиясидан бир неча соатларда узилиш давом этмоқда.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, совуқ ҳаво ҳарорат туфайли қувурларда газ босимининг пасайиши, электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг кескин ортиши кузатилмоқда. Бунинг натижасида ҳудудлардаги, хусусан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги газ ва электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, таъминотда узилишлар содир бўлмоқда. 

Тармоқларда юкламани камайтириш ҳамда энергия ресурсларини биринчи навбатда аҳоли ва тиббиёт муассасаларига етказиб бериш учун йирик саноат корхоналарига газ ва электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилган.

Шунингдек, барча ҳудудлардаги кўча ёритиш чироқларининг бир қисми ўчирилиб, ундан тежалган электр энергияси аҳолига йўналтирилмоқда. 

Электр энергияси ва газ сарфини камайтириш мақсадида бугун, 15 январдан эътиборан Тошкент шаҳридаги барча савдо марказлари, истироҳат боғлари ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаш вақти эрталаб соат 10:00 дан 17:00 га қадар чекланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон электр энергияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made