Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл қурилиши бўйича “Йўл харитаси”ни имзолади

Жамият 4275
image

Жорий йилнинг 2 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар натижалари бўйича “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) қабул қилинди.

“Йўл харитаси”да темир йўлни молиялаштириш ва қуриш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни тезлаштиришга қаратилган бир қатор ташкилий ва амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган.

“Йўл харитаси” га мувофиқ, жорий йилнинг март - апрель ойларида темир йўл йўналишини ҳар томонлама ўрганиш ва лойиҳалаш учун материаллар тайёрлаш учун қўшма халқаро экспедиция ташкил этилади.

Экспедиция Афғонистонда геодезик, геологик, гидрогеологик ва топографик тадқиқотлар комплексини ўтказади, бу эса салоҳиятли юк ҳосил қилувчи ва юкни сингдирувчи минтақалар, шунингдек, Афғонистондаги келажакдаги йўлнинг йўналишидан бир қадам масофасида жойлашган йирик фойдали қазилмалар конлари тўғрисида маълумот тўплаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Дала экспедицияси материаллари асосида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишнинг асосий масалалари келишиб олинади.

Шунингдек, халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда, “Жанубий Осиё – Афғонистон – Марказий Осиё – Россия Федерацияси – Шарқий Европа” йўналиши бўйича экспорт-импорт юкларини ташиш транспорти ҳаракати тадқиқотини ўтказиш режалаштирилмоқда. 

Тадқиқот Марказий Осиё, Жанубий Кавказ мамлакатларининг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ташқи савдо ва юк айланмасини ўз ичига олади. Покистон ва Ҳиндистон ҳамда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари иштирокида Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари ўрганилади.

Шу нуқтаи назардан шуни таъкидлаш керакки, 2025 йилда Ҳиндистон ва Покистоннинг Афғонистон ва МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми мос равишда 20 млрд ва 6 млрд долларни ташкил қилиши мумкин. Ҳозирги вақтда Жанубий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ва МДҲ мамлакатлари ўртасида юк ташиш асосан денгиз транспорти орқали амалга оширилади. Халқаро МОМИҲ дастурини амалга ошираётган Осиё тараққиёт банки лойиҳаолди тадқиқотининг мувофиқлаштирувчиси сифатида иштирок этиши мумкин.
 
Уч томонлама музокаралар давомида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (АҚШ) раҳбарлари ушбу лойиҳани ўзаро ҳамкорликда амалга оширишга қизиқишларини тасдиқлади.
 
Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегациялари раҳбарлари халқаро молия институтлари вакилларининг темир йўл қурилишини молиялаштиришнинг келишилган механизмини ишлаб чиқиш масалалари бўйича аниқ таклифларини қўллаб-қувватлади.

Жаҳон банки жалб қилинган Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари иштирокида молиявий маблағларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш механизмларини белгилаш, темир йўл қурилишини молиялаштириш моделини ишлаб чиқади. Форум иштирокчилари Жаҳон банкининг лойиҳани илгари суриш масалаларида мувофиқлаштирувчи ролини ўз зиммасига олиш таклифини мамнуният билан қабул қилган. 


Кайд этиш керакки, “Мозори Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлининг қурилиши Жаҳон банкининг Тошкентда 2019 йил ноябрь ойида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик Дастурининг (МОМИҲ) 18-вазирлар конференцияси доирасида бошланган "Жанубий ва Марказий Осиёда транспорт ўзаро алоқаларини ривожлантиришдаги кўмак" лойиҳасининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. 

ЕТТБ, ЕИБ, ИТБ ва ХТМК (АҚШ) раҳбарлари томонидан лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, шунингдек, темир йўл инфратузилмаси объектларини қуришда табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш, шунингдек, қурилиш ва эксплуатация жараёнида энергия тежайдиган технологиялардан кенг фойдаланишни назарда тутган ҳолда юқори халқаро стандартларга асосланиб қурилишни амалга ошириш таклифларининг долзарблиги таъкидланди.

Қайд этилишича, таҳминан 600 км узунликдаги ва кенглиги 1520 мм бўлган темир йўлнинг қурилиши 5 йил ичида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, Афғонистон ва Покистонда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қоплаш учун Марказий Осиё мамлакатларидан мавсумий ортиқча гидроелектр энергияси етказиб беришни кўзда тутувчи Сурхон – Пули-Хумри юқори волтли узатиш линияси ва CASA-1000 энергия лойиҳасининг қурилиши темир йўл участкаларини қуриш харажатларини камайтиради. Келгусида йўлни электрлаштириш истиқболлари истисно этилмайди, бу эса юк ташишнинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада оширади. 

Йўл харитаси халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар ҳукуматлари билан темир йўл бошқариш моделини батафсил ўрганишгни назарда тутади. Бунга локомотивлар ва ҳаракатланувчи қисмларига эгалик қилиш, таъминот ва техник хизмат кўрсатиш, темир йўл транспорти ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, тариф ва транзит сиёсатини шакллантириш ҳамда инвестицияларни қайтариш механизми масалалари киради.

“Йўл харитаси” да назарда тутилган ушбу ва бошқа чора-тадбирларни таъминлаш мақсадида лойиҳада иштирок этувчи мамлакатлари темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари бошчилигида қўшма Ишчи гуруҳи ташкил этилди. Йўл харитаси доирасида амалий чора-тадбирлар кўрилишини мувофиқлаштириш уч мамлакатда ташкил этилган доимий фаолият юритувчи офислар ва ваколатли масъул мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади.

Учрашув иштирокчиларининг чиқишларида Марказий Осиё ва Афғонистон давлатлари халқаро денгиз портларига бевосита чиқиш имкониятига эга эмаслиги қайд этилди. Шу муносабат билан улар салмоқли транспорт ва транзит харажатларни амалга оширади, бу эса денгиз коммуникацияларига чиқиш имкониятига эга бўлган мамлакатларнинг шу каби харажатларидан 2-3 баробар кўпдир. Бундай шароитларда “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташишга сарфланадиган вақтни ва қийматини камайтиради.

Шундай қилиб, эксперт тахминларига кўра, Афғонистон транспорт ва инфратузилмавий салоҳиятини тўлиқ руёбга чиқариш натижасида, масалан, Ўзбекистондан Покистонга юкларни ташиш вақтини 30-35 кундан 10-15 кунгача қисқартиради.

Янги темир йўл Марказий Осиё ва МДҲ давлатларининг Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ташқи савдо айланмасини ошириш учун қулай шароит яратади.

Транспорт коридори минтақадаги иқтисодиётларнинг динамик ўсиши ва минтақалараро савдо ҳажмини оширишга янги туртки беради, шунингдек, 700 миллиондан зиёд аҳоли Марказий Осиё, МДҲ, Шарқий Европа ва Хитойнинг ғарбий ҳудудлари бозорларига ўзаро кириб бориш имкониятини очиб беради.

Янги темир йўл орқали юкларни ташиш Россия ва Покистон ўртасида транспорт харажатларини 15-20 фоизга, Марказий Осиё ва Покистон давлатлари ўртасида эса 30-35 фоизга камайтириши мумкин.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўллари орқали Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари ўртасида юк транзитининг ўсиши ҳам башорат қилинмоқда. Шундай қилиб, йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, сўнгги йилларда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўлларида юк ташишнинг йиллик ўсиш суръати 25 фоизни ташкил этди. 2020 йилда бу йўлда 4 миллион тонна юк ташилди ва бу Афғонистондаги иқтисодий тикланишнинг юқори динамикасидан далолат беради.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўли ишга туширилганидан кейин дастлабки йилларда ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 млн тоннага етиши мумкин.

Яратилаётган янги йўналиш континентал миқёсда халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги парадигмасини ташкил этадиган ва барқарор ривожланиш ва кўплаб мамлакатлар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш учун мустаҳкам платформа бўладиган дунёдаги энг узун халқаро темир йўл линияларини боғлашга мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикасининг делегацияси – мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва Президент Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргарни қабул қилганди.

Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довудни қабул қилиб, денгизга чиқиш масаласида гаплашганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 3.1
t
×