Шавкат Мирзиёев Афғонистон делегациясини қабул қилди

Жамият 1874
image

Бугун, 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикасининг делегацияси – мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва Президент Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргарни қабул қилди.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари икки томонлама муносабатларнинг бугунги суръатини сақлаб қолиш ва аввал эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Бу борада сўз юритилганда, аввало, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва уни яқин йилларда камида 2 миллиард долларга етказиш учун қулай шароитлар яратиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида кооперацияни кучайтириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида муҳим дастурларни амалга оширишни қайд этиш лозим.

Афғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон Президентини кўрсатилган самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар.

Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қатъий саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирилди.

Бугун Тошкент шаҳрида халқаро молиявий институтлар раҳбарлари иштирокида ўтган Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ биринчи йиғилишининг самарали якунлари юксак баҳоланди.

Учрашувда томонлар ушбу лойиҳани тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш, қабул қилинган “йўл харита”си асосида хорижий ҳамкорлар ва салоҳиятли инвесторларни фаол жалб қилиш муҳим эканини таъкидладилар.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3
t
×