Мирзиёев Покистон делегацияси билан денгизга чиқиш масаласида гаплашди
Жамият
−
02 Февраль 2021
5261Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довудни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.
Давлат раҳбари икки мамлакатнинг амалий ҳамкорлигини изчил кенгайтиришга хизмат қилаётган фаол мулоқотлар ва алмашинувлар, пандемияга қарамасдан, давом эттирилаётганини таъкидлаган.
Абдул Раззоқ Довуд Ўзбекистон Президентига учрашув ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдирган ҳамда Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Маслаҳатчи Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўл билан боғлайдиган, Покистоннинг денгиз портларига чиқиш ва уларнинг инфратузилмаси самарали ишга солинишини таъминлайдиган темир йўл қуриш лойиҳасини илгари суриш тўғрисидаги ташаббус Покистонда юксак баҳоланиб, қўллаб-қувватланаётганини қайд этган.
Шунингдек икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Автомобиль ва ҳаво транспортида юк ташишларни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқиш, преференциал савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш, божхона иши соҳасида тажриба алмашиш, ишбилармонлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилган.
Олий ва юқори даражадаги бўлажак учрашув ва мулоқотлар режаси келишиб олинган.
LiveБарчаси