Ўзбекистон 2030 йилгача қандай кадрлар тайёрлаши керак? Сўз Салохўжаевга

Жамият 4769

Ўзбекистон 2030 йилгача ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқаётган бир вақтда ўша йилларда жаҳон талабига жавоб берувчи ва ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи кадрларни тайёрлашни ҳозирданоқ бошлаши керак. Бу ҳақда “Дунёнинг Топ 100 та иқтисодчи ёшлари” қаторидан жой олган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, ERGO Research and Advisory тадқиқоти директори Рауф Салохўжаев Тошкентда ўтказилган “XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро форумдаги нутқида маълум қилди.

Ёш тадқиқотчи Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадлари, иқтисодий ривожланишнинг асосий омиллари ҳақида фикр билдирди.

“Ўзбекистон ўз олдига катта мақсад қўйди. Аввало 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотни аҳоли жон бошига тўғри келиши бўйича янги босқичга олиб чиқиш ва дунёнинг энг инновацион иқтисодиётига эга 50 та давлат қаторига кириш режалаштирилди. Менинг таҳлилларим дунёдаги иқтисодий ривожланиш тенг эмасигини кўрсатди. NASA`нинг космик йўлдошдан олган маълумотлари ҳам тўғридан-тўғри иқтисодий ривожланишдаги тенгсизликни очиб беради.

Дунё иқтисодчи тадқиқотчилари иқтисодий ўсишнинг 5 та асосий омили борлигини таъкидлайди. Булар самарали ишловчи институтлар, глобал савдо билан алоқадорлик, инвестиция оқимлари, географик жойлашув, молиявий институтлар билан интеграциялашув. Лекин энг асосийси, албатта, инсон омили ҳисобланади. Инсон капитали қачонлардир Жанубий-шарқий Осиё, Европа, АҚШ ва Австралияда бўлганидек, кўплаб давлатларнинг иқтисодий ўсишига туртки бўлган асосий пойдевор ҳисобланади.

Инсон капитали масаласида Ўзбекистон имкониятларига келсак, бу борада мамлакатда анчайин кенг имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон инновацион ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши мумкин, чунки ҳозир ҳам Ўзбекистонда ёшларнинг саводхонлиги 100 фоизга тенг. Энг муҳими, Жаҳон банки берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишга яроқли ёшлар улуши 42 фоиздан ортиқни ташкил қилади ва бу бошқа минтақаларга масалан, Лотин Америкаси ёки умуман дунё бўйича ўртача кўрсаткичга нисбатан кўп. 2030 йилда ҳозирги ёшларнинг катта қисми меҳнат бозорига чиқади. Шунинг учун биз ҳозир 2030 йилда меҳнат бозорига чиқадиган ёшлар олиб бориладиган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши учун қандай инсон капиталига эътибор қаратиш кераклигини билишимиз керак.

Бунда энг муҳим босқич ҳозирданоқ сезиларли ўзгариш ва трансформация жараёни бошланган базавий таълим ҳисобланади. Базавий таълимда когнитив кўникмалар, ижтимоий капитал, ишонч ва ҳатто чидамлилик шаклланади. Тадқиқотлар ишонч ва чидамлилиги мустаҳкам жамиятлар мамлакатда фундаментал иқтисодий ўсиш учун керак бўлган узоқ муддатли силкинишларга қодир эканини кўрсатди. Таъкидланганидек, бу “юмшоқ” кўникмаларнинг ривожланишидир. Шарқий Европа ва Осиёдаги тадқиқотлар инсон қайта малакаланган бўлса, бу меҳнат самарадорлигига ўртача 14-15 фоиз, шунингдек, унинг маоши, мотивациясига салбий таъсир қилишини кўрсатди.

Ўзбекистондаги меҳнат бозорига оид тадқиқотлар хусусий секторда коммуникатив, жамоавий меҳнат ва фикрлаш каби 3 та муҳим кўникмага эга номзодларга талаб катталигин кўрсатди. 2030 йилгача ривожланишнинг фундаметал асосини яратиш учун ҳозирданоқ инсон капиталини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётгани сезиляпти. Буларга турли ривожлантирувчи ҳамда миллий стратегиялар ва олий таълимни ислоҳ қилиш бўйича дастурлар киради.

Шу билан бирга, 4-5 та муҳим пунктлар ҳам мавжуд. Биринчи навбатда, барча давлат идораларининг уюшқоқлик билан фаолият юритиши. Негаки, давлат ёшларни қамраб олувчи фундаментал инновацион дастурлар ташаббускори бўлади. Иккинчиси, жамоатчилик ва хусусий сектор ўртасидаги мустаҳкам алоқа. Бу корпоратив ижтимоий мажбуриятлар билангина чекланиб қолмасдан, билимлар трансформациялашуви керак. Учинчиси, инсон капиталининг доимий тўпланишини раҳбатлантириш. Тўртинчиси, 2030 йилга бориб фақатгина Ўзбекистон меҳнат бозорида эмас, бутун дунёда рақобатбардош бўладиган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва керакли кўникмаларни бериш. 

Ҳозир Ўзбекистон ёшлари жуда фаол ва улар ўзининг интеллектуал маҳсулотига талаб борлигини биляпти. Ёшларда ҳам иқтисодиётни ривожлантириш учун креатив ғоялар бор”, дейди Рауф Салохўжаев.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 2.8
t
×
×