Ўзбекистон 2022 йилда экстремизм ва терроризмга қарши қандай курашиши маълум қилинди
Жамият
−
04 Январь 2022
13068Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида амалга ошираладиган ислоҳотлар маълум қилинди. Унга кўра, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтирилади. Бу ҳақда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида сўз боради.
Тараққиёт стратегиясининг 76-мақсадида Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш масаласига эътибор қаратилган.
Унга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга имкон берадиган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича самарали давлат сиёсати амалга оширилади.
Экстремизм ва терроризмни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёт ғоялар таъсирини олдини олиш ва уларнинг таъсирига тушиб қолганлар билан тизимли ишлаш орқали уларнинг муаммолари бартараф этилади.
Шунингдек, аҳоли, айниқса ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитет шакллантирилади.
Ўзбекистон жорий йилда йилда экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда ҳорижий давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтиришни ҳам режа қилмоқда.
Тараққиёт стратегиясида дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, шунингдек, чет элга узоқ вақтга кетаётган ҳамда яшаб келаётган фуқаролар билан шуғулланувчи бошқа идораларнинг кадрлар салоҳияти ва ресурсларини мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.
Режадан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш ҳам ўрин олган.
Қолаверса, мамлакат фаолияти экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган халқаро ва минтақавий ташкилотларда фаол иштирок этишни ҳам мақсад қилган.
Ўзбекистон Марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида мувофиқлаштиради.
Марказий Осиёда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берувчи халқаро ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг роли кенгайтирилади.
Дунё ҳамжамияти ва минтақавий ташкилотлар эътиборини Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга жалб қилиш борасидаги ташаббусларни жадаллаштириш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига, шу жумладан, экстремизм ва терроризмга қарши курашишга жалб қилиш ҳам назарда тутилмоқда.
Юқоридаги вазифаларнинг бажарилишини назорат қилувчи сифатида Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Б.Шаякубов ва Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов белгиланган.
LiveБарчаси