Ўзбекистон ҳукумати истеъфога чиқди
Жамият
−
20:20
5144Жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари янги таркибда шакллантирилди. Шунга кўра, бугун, 19 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра амалдаги ҳукумат янги сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилди. Бу ҳақда Бош Вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов маълум қилди.
“Маълумки, 27 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари янги таркибда шакллантирилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонуннинг 7-моддасида Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши белгиланган. Шу муносабат билан бугун, яъни 19 ноябрь куни, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан амалдаги ҳукумат янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилди, яъни истеъфо берди”, деди Ҳидоятов.
Аммо Бош вазир бошчилигидаги вазирлар жамоаси янги ҳукумат тайинлангунга қадар ўз курсиларини бўшатмай туради.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан амалдаги Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат фаолиятида узлуксизликни, яъни тўхтаб қолмасликни таъминлаш мақсадида янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси ташкил этилгунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради. Ўзбекистон ҳукуматига раҳбарлик Бош вазир зиммасига юкланган, яъни у ҳукумат раҳбари ҳисобланади. Бу Бош вазир бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати бутунлигича истеъфога чиққанини англатади”, деди у.
Хўш, Абдулла Арипов ўрнини ким эгаллайди? Ёки у яна ҳукумат терасига келиб, яна Бош вазир этиб тайинланадими?
“Конституциямизда ёзиб қўйилган, Президентимиз энди парламентга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Бош вазир номзодини тақдим қиладилар. Ва тайинланган Бош вазир келгуси беш йилдаги фаолиятини, яъни амалга оширадиган ишлари, фаолияти ҳақида тақдимот ўтказади. Ўшанда Бош вазирликка номзодни тасдиқлашса, яъни парламент маъқулласа, шундан кейин Президент ўша номзодни тасдиқлайди”, деди истеъфога чиққан Бош вазирнинг воизи.
Маълумот учун, Абдулла Арипов 2016 йил 13 декабрда Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан Бош вазирлик лавозимига номзоди кўрсатилган. 14 декабрда эса ушбу лавозимга тасдиқланди. 2020 йил январь ойида у Бош вазир лавозимига қайтадан тасдиқланган. Матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов Бош вазир фаолияти ҳақида тўхталар экан, у Ариповнинг тинимсиз, таътилсиз ишлаганининг гувоҳи бўлганини айтмоқда.
“Гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, Абдулла Ниғматович Ўзбекистон ҳукуматида деярли чорак асрдан ошиқ вақт ишлаяпти. У ҳақиқатдан президентимиз ҳукумат олдига қўйган вазифани, халқаро доираларда эришилган келишувлар бўладими, хоҳ мамлакатда ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурларни амалга ошириш бўйича бўладими, чин дилдан ҳаракат қилди. Мен буни “топшириқларни бажариш учун сарфланган серҳаракат бир” умр деб атаган бўлардим. Серҳаракат дегани дам олиш кунларисиз, республиканинг барча ҳудудларида қишин-ёзин ҳаммасини бажариб, бор кучларини, тажрибаларини, салоҳиятларини, керак бўлса энергияларини сафарбар этиб келганларига шу кунгача гувоҳ бўлиб келмоқдаман”, деди у.
Шунинг билан бугундан Вазирлар Маҳкамаси таркибида Абдулла Арипов, унинг 5 нафар ўринбосарлари – Очилбой Раматов, Жамшид Кўчқоров, Жамшид Хўжаев, Зулайхо Маҳкамова, Фарҳод Эрмонов ҳамда 21 нафар вазирлар расман истеъфода.
LiveБарчаси