Ўзбекистонда янги телеканал очилади – Президент қарори
Жамият
−
11 Июль 2019
7724Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 июль “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини чуқур ўрганиш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини фаоллаштириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси асосида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик ва ўз халқи билан ғурурланиш туйғусини шакллантириш асосида миллий ўзликни англаш ҳиссини мустаҳкамлаш ва ватандошларимиз дунёқарашини кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (кейинги ўринларда – Ўзбекистон МТРК), Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Фанлар академияси, Республика “Маънавият ва маърифат” маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2019 йил 1 сентябрдан “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш тўғрисида республиканинг кенг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланган таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар “O‘zbekiston tarixi” телеканали фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари деб ҳисоблансин:
минг йиллар қаърига илдиз отган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигиникенг кўламда хабардор қилиш;
ҳар бир воқеанинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар, ток-шоу, “давра суҳбатлари”ни юқори профессионал ва ғоявий-бадиий савияда тайёрлашни ташкиллаштириш;
буюк ватандошларимиз – олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, саркардалар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш;
доимий ишлаб турувчи телевизион студия – “мунозара майдончаси” фаолиятини таъминлаш, Ўзбекистон тарихи бўйича илмий тадқиқотлар натижаларини, маданий ва кўҳна ёдгорликларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек, халқимиз тарихига тааллуқли ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган бошқа ғоят муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш учун олимлар, тарихчилар, тадқиқотчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини таклиф қилиш;
чет элларга ижодий сафарлар давомида халқимизнинг моддий ва номоддий мероси, Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлган нодир қўлёзмалар, китобларни излаш, амалий санъат буюмлари ҳамда музейлар коллекцияларида, хорижий давлатларнинг илмий марказларида, шунингдек, жаҳон тарихий меросини ўрганаётган жамғармаларда сақланаётганқимматли топилмаларни ўрганиш натижалари бўйича махсус телекўрсатувлар тайёрлаш;
хорижий телеканаллар, илмий-тадқиқот марказлари ва жамғармалар томонидан тайёрланган, жаҳон тарихининг аҳамиятли лавҳаларини акс эттирувчи, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида минг йиллар давомида содир бўлган тарихий жараёнлар билан боғлиқ бўлган воқеалар ва шахслар тўғрисида ҳикоя қилувчи кўрсатувларни сотиб олиш, ўзбек тилига таржима қилишни ташкиллаштириш ва миллий телерадиоканаллар эфирларида жойлаштиришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон тарихи ва жаҳон тарихида ёрқин из қолдирган воқеалар
ва шахсларга бағишланган маҳаллий ва хорижий бадиий фильмларни мунтазам намойиш қилиш, шунингдек, ушбу мавзу бўйича мамлакатимиз кино санъати усталари билан бадиий фильмлар ва телесериаллар яратишда иштирок этиш.
3. Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи ташкилотлар ходимлари сонини оптималлаштириш ҳисобига шакллантириладиган, ходимларининг чекланган умумий сони 116 нафардан иборат бўлган, “O‘zbekiston” телерадиоканали” давлат унитар корхонаси қошидаги “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, “O‘zbekiston tarixi” телеканали:
Ўзбекистон МТРКнинг “O‘zbekiston” телерадиоканали” давлат унитар корхонаси қошидаги “UzHD” телеканали негизида юридик шахс ташкил этмасдан HD форматида ташкил этилади;
республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб тарқатиладиган рақамли кўрсатувнинг ҳаммабоп ижтимоий пакети таркибига киритилади;
эфирни сифатли ҳужжатли ва бадиий фильмлар билан, шу жумладан, тайёр телемаҳсулотга буюртма бериш шартлари асосида тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, шунингдек, бошқа кино ва видео суратга олиш студиялари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси доимий асосда “O‘zbekiston tarixi” телеканалига эфирга узатиш учун материаллар тайёрлашда, жумладан, уларнинг ишончлилиги ҳамда тарихий воқеа ва фактларга мос келиши нуқтаи назаридан кўриб чиқилишида амалий ёрдам кўрсатсин, шунингдек, олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларини телеканал орқали ёритиш учун тақдим этиб борсин.
6. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Ўзбекистон МТРК икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан тасвирга олинадиган тарихий шахслар тўғрисида, миллий қадриятлар, анъаналар, Ўзбекистоннинг қарор топиши ва давлат сифатида ривожланишининг тарихий босқичларини акс эттирувчи бадиий, бадиий-публицистик, ҳужжатли фильмлар, сериалларни ҳамда анимацион фильмларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш форматларини тасдиқласин.
7. Ўзбекистон МТРК бир ой муддатда:
“O‘zbekiston tarixi” телеканалининг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлашни;
“O‘zbekiston tarixi” телеканали ҳар томонлама тайёрланган, шу жумладан, Ватанимиз ҳамда жаҳон цивилизациясининг қадимий ва бой тарихини юқори профессионал даражада биладиган малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.
8. “O‘zbekiston tarixi” телеканали Тошкент шаҳар, Олмазор кўчаси, 2-уй манзили бўйича Ўзбекистон МТРК биносида жойлаштирилсин ва доимий ишлайдиган “мунозара майдончаси”ни ташкил этиш учун студиялардан бири телеканалга бириктириб қўйилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2019 йилда янги ташкил этилаётган “O‘zbekiston tarixi” телеканали таъминотига, шу жумладан, жаҳондаги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини намойиш этишнинг лицензия ҳуқуқларини сотиб олишга, шунингдек, республика ҳудуди бўйлаб теледастурларни тарқатиш учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкилотларига ҳақ тўлашни киритган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг жорий йилги параметрлари доирасида маблағ излаб топсин ва Ўзбекистон МТРКга ажратсин, 2020 йилдан бошлаб ҳар йилги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида зарур молиялаштиришни назарда тутсин;
Ўзбекистон МТРКнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича “O‘zbekiston tarixi” телеканали студияларини жиҳозлаш ва декорациялар тайёрлаш учун зарур бўлган 1,5 миллиард сўмгача миқдордаги маблағ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан ажратиб берилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон МТРК раисига:
сифатли контентни шакллантириш бўйича ишларни ташкил этиш ва самарали ижодий жараённи йўлга қўйиш мақсадида “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг Эксперт (маслаҳат) кенгашини шакллантириш ва унинг таркибини тасдиқлаш;
юқори малакали хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш ва ишга қабул қилиш ҳамда ажратилган бюджет маблағлари доирасида уларга хорижий валютада иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилсин.
11. Ўзбекистон МТРК:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда янги ташкил этилаётган “O‘zbekiston tarixi” телеканалини замонавий телевизион ускуналар комплекси билан жиҳозлаш;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
LiveБарчаси