Бу бизда шаклланган сиёсий маданият – Умурзоқов амалдорларнинг Президент олдида блокнотга ёзиши ҳақида

Интервью

image

Кўпчилик Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказиладиган йиғилишларнинг видео ва суратларини кўрганда амалдорларнинг тинмай блокнотларга ёзаётганига кўзи тушган. Буни кўрган одамларда амалдорлар эскилик сарқитидан қутила олмаётгандек таассурот қолдирган.

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов “Voice of America” (Америка овози) нашрига берган интервьюсида Шавкат Мирзиёев билан учрашувда мансабдорларнинг блокнотларга қайдлар ёзиб бориш одати бўйича тушунтириш берди.

“Ҳар битта давлатда, ҳар битта жамиятда ўзига яраша сиёсий маданият бор. Масалан, шу саволни қўяётган одамларимиз нима учун айрим бошқа давлатлардаги бизга жуда бир ғалати туюлиши мумкин бўлган ҳолатларни муҳокама қилмайди? Масалан, айрим Шарқий Осиёнинг демократик давлатларида бир-бирига энгашишлар [учрашувда] ва ҳ.к. Жуда кўп мисол келтиришим мумкин. Бу бизда шаклланган сиёсий маданият”, дейди Умурзоқов.

У икки йилдан бери Ҳукумат таркибида фаолият юритаётганини эслатиб, ҳар куни Президентдан келадиган топшириқлар сонини хотирада сақлаб қолиш анчайин мушкул эканини айтиб ўтган.

“Бу 1−2 та топшириқ эмас. Мисол, менга топшириқ берилганда ёзаётганимнинг сабаби эслаб қолиш учун, кейин эса уларни тизимлаштираман. Шахсан ўзим йиғилишларда қатнашганимда бўлаётган мавзудан келиб чиқиб, мен ўзимни ишимга тааллуқли бўлган жойларини ёзиб, хулоса қилиб, менга сўз берилса, қандай қилиб, асосий масалаларни кўтаришим кераклигини ўзим учун белгилаб оламан.

Сиёсий маданият бизда шаклланиб бўлди. Нима омиллар таъсирида — бу иккинчи масала. Лекин бу шаклланган сиёсий маданият ва биз уни ҳурмат қилишимиз керак”, дейди Бош вазир ўринбосари.

VoA журналисти Навбаҳор Имомова ташқаридан қараганда Президент Мирзиёев бошчилигидаги йиғилишларда фақат давлат раҳбари фикр билдираётгандек кўринишини айтиб ўтган. У Умурзоқовни амалдорлар шундай йиғилишларда Президент таклифидан бошқачароқ фикрлар билдириб, бошқача йўл тутиш кераклигини айтадими, деб саволга тутган.

“Албатта, ёпиқ учрашувларда, яъни, тор доиралардаги йиғилишларда турли фикрлар айтилади. Ҳатто Президент олдида ҳам мен битта фикр айтишим мумкин, бошқа вазир, бош вазир ўринбосари ёки ҳамкасбимиз бошқа фикр айтиши мумкин. Албатта [эркин фикр алмашинуви бор], бизда бундай ҳолатлар ҳам бўлади. Давлат раҳбарининг талаблари ҳам шундан иборат”, дея жавоб берган вазир.

Сардор Умурзоқов суҳбат давомида Ўзбекистондаги сиёсий маданиятни “инсонга сиғиниш”га тенглаштириш нотўғри деб ҳисоблашини айтиб ўтган. 

“Ўзбекистонда ҳеч қаерда “шахсга сиғиниш”ни кўрмадим. “Шахсга сиғиниш”ни бошқа давлатларда кўрганмиз. 2016 йилда битта одамни сиёсий иродаси билан мана шу ўзгаришлар бошланди. Буни энди ҳар ким ҳар қандай айтиши мумкин, лекин буни тан олмай иложи йўқ”, дейди Умурзоқов.


Мақола муаллифи

Теглар

Сардор Умурзоқов

Баҳолаганлар

260

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг