“Uzbekistan GTL” заводидаги исён депутатлар назоратига олинди

Жамият 10128
image

Кеча, 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган GTL заводининг юзлаб ишчилари иштирокида оммавий тартибсизликлар юзага келгани ҳақида хабар берган эдик.

“Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводини қураётган Enter Engineering компаниясининг ишчиларга ойлик маош тўламасдан ишлатаётганлик ҳолати Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузишдир”. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев ёзмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 161-моддасида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. 

“Вазиятнинг шу даражага етиб келишига компания раҳбарияти билан биргаликда меҳнат муҳофазаси бўйича ваколатли орган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларнинг назоратсизлик ва бефарқликка йўл қўйгани ҳам сабаб бўлган деб хисоблаймиз.

Биз ушбу масала бўйича вазирлик ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан изоҳ сўрадик ва бугун кун якунига қадар муаммо ижобий ҳал этилиши ҳақида ахборот олдик. 

Қисқа вақт ичида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига хисобот бериш вазифаси юклатилди.

Муаммо ҳал этилгунига қадар бу иш депутатлар назоратида бўлади”, дейди Одилжон Тожиев.

Маълумот ўрнида, Ишчиларнинг оммавий норозилиги ва назоратсизлиги ташкилотнинг бош пудратчиси "Enter Engineering, Hyundai Engineering, субпудратчилар ҳамда буюртмачи "Uzbekistan GTL" офисининг вайрон қилинишига сабаб бўлган. Шунингдек, вақтинчали иншоотлар: ошхона, омборхона ва бошқалар ҳам талафот кўрган.

Ҳодисада бир неча киши, жумладан, ошхона, кадрлар бўлими, “Enter Engineering” муҳандис-техник ходимларига тан жароҳати етган. Шунингдек, омборхоналарни ёқиб юборишга уринишлар бўлган. Ёнғин ўчоқлари тезда бартараф этилган.

Тартибсизликларда тахминан минг нафар ишчи қатнашган.

Қайд этилишича, эрталаб соат 9:00 дан бошлаб қурилиш майдонида вазият барқарорлашган ва оммавий иш ташлаш тўхтатилган. Айни пайтда “Uzbekistan GTL” мутахассислари қурилиш майдонидаги талафотни ҳисоблаб чиқишяпти. Махсус техник гуруҳ тизимдаги носозликни тузатмоқда.

Энергетика вазирлиги раҳбарияти, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Enter Engineering Pte. Ltd.” ҳодиса тафсилотларини билиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун воқеа жойига учиб кетган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 397
Рейтинг: 3
Теглар
t
×