UzAirways кечикишлар ва рақобат йўқлиги сабабли 120 миллион долларни бой беряпти – Президент

Жамият

image

Uzbekistan Airways маршрутлар оптимал танланмагани, рейслар ораси узоқлиги ва кечикишлар кўплиги, кейтеринг ҳамда техник хизматда рақобат йўқлиги сабабли 120 миллион доллар даромадни бой беряпти. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз борди.

Қайд этилишича, йиғилишда стратегик корхоналар харажатлари ҳам алоҳида таҳлил қилинган. Олдин тармоқлар умумий харажатларни фоизда қисқартириб, таннарх камайгани ҳақида ҳисобот берган. Бир бирлик маҳсулот таннархи бўйича таҳлил эса ҳақиқий ҳолатни кўрсатган. 

Масалан, Навоий кон-металлургия комбинатида 1 унция олтин таннархи 8,2 фоизга ошган. Жами харажатлар ўтган йилга нисбатан 6,2 триллион сўмга ёки 22 фоизга кўпайган.  

Ўзбекистон металлургия комбинатида пўлат шарлар ишлаб чиқариш таннархи 5,4 фоизга, “Ўзкимёсаноат”да карбамид бўйича 11,1 фоизга, аммиакли селитра бўйича 8,3 фоизга ошган. 

“Franklin Templeton” IPO’га чиқиши керак бўлган 13 та йирик компанияни таҳлил қилиб бергани қайд этилган. 

Uzbekistan Airways мисолида маршрутлар оптимал танланмагани, рейслар ораси узоқлиги ва кечикишлар кўплиги, кейтеринг ҳамда техник хизматда рақобат йўқлиги сабабли 120 миллион доллар даромад бой берилаётгани кўрсатиб ўтилган.

Қайд этилишича, келгуси ўн йилда энергетика инфратузилмаси учун 8 миллиард доллар талаб этилади. Шу билан бирга, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш орқали даромадни ошириш бўйича етарли иш олиб борилмаяпти. Олти ойда электр энергияси йўқотиши 17,2 фоизни ёки 4,8 миллиард киловатт-соатни ташкил қилган. 

Газ тармоғидаги йўқотишлар 7,6 фоизга, яъни 797 миллион куб метрга етгани айтилган. Ҳудудий газ тармоқлари корхоналарида меҳнат унумдорлиги қўшни давлатларга нисбатан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилган. 

“Franklin Templeton” таҳлилларига кўра, “Ҳудудий электр тармоқлари” бозор қийматини 2 баробарга ошириш мумкин. 

Шунингдек, Uzbekistan Airways бозор қийматини 40 фоизга, “Ўзбектелеком”никини 50 фоизга ошириш имконияти бор.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг