Ўзбек-туркман чегарасида полиция ходимлари ва божхоначилар жанжаллашди

Олам 5184
image

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги Шовот назорат-ўтказув пунктида туркман полиция ходимлари ва божхоначилар ўртасида можаро юзага келди. 

Уларни ажратиш учун Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлигининг минтақавий бошқармаси ходимлари етиб келган. Бу ҳақда “Хроника Туркменистан” маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ҳар куни Туркманистон томонда Ўзбекистонга ўтиш учун юзлаб одамлар тўпланиб қолади. Одамлар навбатда туришни истамай, таниш полиция ходимини топиш ёки пул бериб навбатсиз ўтишга ҳаракат қилади.

Бу сафар шундай сабаблар туфайли жанжал юзага келди. Дастлаб навбатда турган ва унда туришни истамай турли йўллар билан чегарадан ўтишни истаётган одамлар ўртасида, кейинроқ полициячилар ва божхоначилар ўртасида можаро юз берди. Полиция ходимлари божхоначилар одамларни жуда секин ўтказаётганидан нолиган, божхоначилар эса уларга тартибсизлик чиқармай, навбатдаги одамларни назорат қилишини айтган.

Иш муштлашувгача борган. Командирлар можарони тўхтата олмагач, МХВ вакили ўз ҳамкасбларини чақирган. Махсус хизмат ходимлари жанжални тўхтатиб, уларни ажратган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жанжал ва ундан кейинги суриштирув сабабли ўтказиш пунктида жараён тўхтаб қолган. 50 нафардан ортиқ одам чегарадан ўтолмай, кечани ўша ерда ўтказган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 234
Рейтинг: 3
t
×
×