Ўзбек шахматида қирол ўзгардими?
Спорт
−
29 Март 2023
11844Тошкент шаҳридаги халқаро шахмат академиясида ўтказилган “Рустам Қосимжонов халқаро турнири” баҳслари якунланди. Турнир қизғин ва муросасиз партияларга бой бўлди. Кўплаб дунё шахмати юлдузларининг иштирокига қарамай, “Masters” гуруҳида ғолиблик барибир ўзбекистонлик шахматчига насиб этди.
Кўпчилик ишқибозлар турнирда ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовнинг имкониятларини юқори баҳолаганди, аммо турнирнинг иккинчи кунида Абдусатторов муҳим очколарни йўқотди. 7-турга келиб Абдусатторов қора доналарда Синдоровга имкониятни бой берди ва узил-кесил чемпионлик пойгасидан чиқиб кетди. Шундай қилиб, “Masters” гуруҳида ғолиблик Жавоҳир Синдоровга насиб этди ва у ташкилотчилар томонидан 12 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Нодирбек Абдусатторов эса QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида турнирнинг иккинчи куни омадсиз келганлигини айтиб ўтди.
“Дастлабки кунда пешқадамлар қаторида эдим, аммо иккинчи кун омадим келмади. Гарчи мағлубиятга учраган бўлсам ҳам турнир мен учун фойдали бўлди. Келажакда ана шундай турнирларнинг кўпайиши Ўзбекистонда шахмат ривожига катта ҳисса қўшади”, дейди Абдусатторов.
“Challenger” гуруҳидаги баҳслар муросасиз руҳда кечди. Сўнгги турларгача ғолиблик учун имкониятни сақлаб келган ўзбекистонлик шахматчи Ортиқ Ниғматов якунда сербиялик Александр Инжич билан бир хил 6,5 очко жамғарди, аммо қўшимча кўрсаткичлар бўйича ғолиблик сербиялик шахматчига насиб этди.
Турнирда мухлисларнинг асосий эътибори қаратилган шахматчи, 2004 йилги жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов эса мусобақани 8-ўринда якунлади. Қосимжонов QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида ҳозирги кунда ёш шахматчиларга йўл бераётгани, қолаверса, Нодирбек Абдусатторовга устозлик қилаётганини маълум қилди. Қосимжонов келгусида Тошкент шаҳрида ўтадиган ана шундай турнирларда тез-тез иштирок этиб туришини қўшимча қилди.