Уйсизларни ижтимоий марказларга жойлаштириш тартиби ўзгарди
Жамият
−
20:01 816 2 дақиқа
Ўзбекистонда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақда Президентнинг “Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 288-сонли қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, ички ишлар органларининг Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказлари деб қайта номланади.
Шунингдек, бошпанасиз шахсларни мазкур марказларга суд қарори асосида жойлаштириш амалиёти бекор қилинади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бошпанасиз шахслар ижтимоий марказларга фақат ўз розилиги билан жойлаштирилади. Уларга вақтинчалик бошпана берилиб, марказларга ажратилган маблағлар ҳисобидан озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланади. Бундан ташқари, улар индивидуал режалар асосида ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олинади.
2026 йил 1 октябрдан эса ижтимоий марказларга жойлаштирилган бошпанасиз шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилади. Уларни касбга ўқитиш учун туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали ваучерлар ажратилади.
Қарорга мувофиқ, бошпанасиз шахслар ижтимоий марказларда бўлган даврида ушбу муассаса манзили бўйича вақтинча рўйхатга олинади. Шунингдек, уларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ давлат божи “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Live
Барчаси