Ўйиндан ўт чиқди! Ўқувчиларга номаълум шахслар конфет тарқатяптими?

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда мактабда ўқувчиларга номаълум таркибдаги конфет тарқатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

ИИВ томонидан аниқланишича, Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Х.М. мазкур ҳудудда жойлашган савдо дўконидан минг сўмга 3 дона Strawberry номли конфетни сотиб олган. Сўнг, мактабга борган вақтида синфдоши О.А. ундан ширинликни қаердан олганини сўраганда, унга гўёки нотаниш шахс бериб кетганини ўйлаб топиб, ёлғон айтган.

Мактаб ҳамшираси О.А. боланинг гапидан хулоса қилиб, ижтимоий тармоқларга мактаб атрофида Strawberry номли шубҳали конфетни мактаб ўқувчиларига номаълум шахслар бергани ҳақидаги ҳаққоний бўлмаган хабарни тарқатган. Шунингдек, конфет истеъмоли оқибатида бола нобуд бўлгани тўғрисидаги хабар ҳам мутлақо ҳақиқатга зид.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Конфетнинг таркибида инсон соғлиғига зарарли моддалар бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида суд-кимёвий экспертиза тайинланган. 

Шунингдек, Санитария-эпидемиология қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирган. Унга кўра, ҳозирги кунгача мактаблар атрофида айнан шу видео хабарда тилга олинган конфет маҳсулотлари сотилаётгани ҳақида бошқарма ва туман бўлимларига мурожаатлар келиб тушмаган. Вилоятдаги дўконлар ва савдо шохобчаларида мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча видео хабарда кўрсатилган турдаги конфет маҳсулотлари савдоси аниқланмаган. Шунингдек, мактаблар олдида ҳам бундай маҳсулотлар сотилмаётгани маълум қилинади. 

“Ота-оналарга мурожаат қилган ҳолда шуни эслатиб ўтамиз: маҳсулот харид қилаётганингизда унинг қадоқ ҳолати, ишлаб чиқарилган санаси, ишлаб чиқарувчи корхона номи ва таркибига алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз. Фарзандингизга ҳам шундай тартибда маҳсулот танлашни ўргатиш лозим. Санэпидқўмита мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари доимий равишда давом эттирилмоқда. Шунингдек, ёлғон маълумот тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз”, дейилади муносабатда.

Билдирилишича, Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттирмоқда. Бу борада қўшимча ахборот берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон Олтинкўл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг