Ўйин ичидаги ўйин. Мигрантлар Россиядан ҳайдаладими?
Таҳлил
−
02 Апрель
2025722 март тунда Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” мажмуасида теракт содир этилганидан кейин Россияда мигрантларга босим кучайгани ҳақида хабарлар келмоқда. Камида 140 нафар одам ҳалок бўлган ҳужумга алоқадорликда гумонланиб, 10 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Уларнинг барчаси Марказий Осиёдан. Россиялик депутатлар ҳали муҳожирларнинг мамлакатга киришини чеклашни, ҳали марказий осиёликларга визасиз режимни бекор қилишни таклиф этмоқда. Бу эса Россияда меҳнат қилаётган 4 миллионга яқин ўзбекистонликларга нисбатан хавотирларни кучайтирмоқда. Марказий осиёликларнинг катта қисми ишлаш учун борадиган мамлакат эшиклари энди ёпиладими? Мигрантларни Россияда қандай келажак кутмоқда?
Россияда ксенофобия кучаймоқда
Германиянинг “Deutsche Welle” нашри ёзишича, Россия жамиятида узоқ вақтдан бери яширин антимигрант кайфият мавжуд бўлиб, у асосан, Марказий Осиёдан келиб, Россияда кўча тозаловчи, қурилиш ишчиси ва энага бўлиб ишлаётган миллионлаб одамларга қарши қаратилган. Тахминан 15 йиллар аввал бу кайфият Москвада муҳожирлар ва рус миллатчилари ўртасидаги оммавий муштлашув билан якунланган эди.
2015 йилда Москвада жойлашган “Соwа” инсон ҳуқуқлари ташкилоти бутун Россия бўйлаб ксенофобия (бегоналардан қўрқиш ёки нафратланиш) туфайли тўққизта қотиллик содир этилгани ҳақида хабар берган бўлса, 2016-2018 йилларда 15 нафар одам ирқчилик қурбони бўлган. 2010 йилнинг ўзида бу рақам 40 га яқин эди. Қурбонларнинг аксарияти Марказий Осиёдан.
Россияликлар мамлакатда “бегона”лар кўплигидан доим нолийди. Масалан, 2015 йилда WCIОМ (Россия ижтимоий тадқиқотлар маркази) ўтказган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг ярми иммиграция қонунчилиги кучайтирилишини ёқлаган. Қарийб учдан бир қисми “Кавказ ва Марказий Осиёдан келганларнинг Россияда яшаши чекланган бўлиши керак”, деган фикрда.
2016 йилги сўровнома натижалари бундан ҳам ёмонроқ бўлган – респондентларнинг ярмидан кўпи ўз ҳудудларида муҳожирларни ҳаддан ташқари кўп, деб ҳисоблайди. Иштирокчиларнинг 78 фоизи Россияга мигрантлар оқимини чеклашни афзал кўради, 57 фоизи муҳожирларнинг маданияти ва урф-одатлари билан қизиқмайди, 29 фоизи эса ўз фарзандининг чет эллик муҳожирларнинг болалари билан ўртоқ бўлишини чеклашини билдирган.
Бобоқулова эффекти
2016 йилда ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқулова билан содир бўлган даҳшатли воқеа мигрантлар, айниқса, энагалик хизматида ишлаётган аёлларга нисбатан нафрат ва ишончсизликнинг янада кучайишига олиб келди. Ўша йилнинг 29 февраль санасида Россияда ноқонуний ишлаётган ўзбекистонлик энага аёл Гулчеҳра Бобоқулова ўз қарамоғидаги 4 ёшли қизчани ўлдириб, унинг бошини танасидан жудо қилган ва “Октябрьское поле” метро бекати ёнига бориб, узилган бошни қўлида кўтариб намойишкорона бақирган. Аёл ўша куннинг ўзида қўлга олинди ва рус оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик энаганинг ИШИД террористик гуруҳи таъсири остида қизчанинг бошини олгани иддао қилинди. Орадан вақт ўтди, тергов органи судда тақдим этган экспертиза хулосасида Гулчеҳра Бобоқулова қотилликни террорчилик ташкилоти таъсирида эмас, кучли руҳий босим остида амалга оширгани, бунгача Ўзбекистонда шизофрения касаллигидан даволангани маълум бўлди.
Бу ҳолатдан кейин маҳаллий аҳолининг аксарияти марказий осиёлик аёлларни энага сифатида ишга олишдан қўрқиб қолди.
Ўшанда Россиянинг собиқ Коммунистик партияси мамлакатда “ноқонуний миграция”ни чеклашга чақирди. Бир неча кундан кейин аксилмиграция чораларини кучайтириш бўйича минглаб тарафдорларнинг имзолари тўпланди. 1 март куни Коммунистик партиянинг Москва бўлими “миграцияни тўхтатиш” веб-сайтини ишга туширди.
Бумеранг
Ҳозир биз ўша пайтда кузатилган вазиятнинг яна такрорланишига гувоҳ бўляпмиз. ИШИД Крокус теракти учун жавобгарликни ўз зиммасига олса-да, Кремль қайси йўл билан бўлмасин айбни Украинанинг гарданига қўйиш йўлларини излаш билан овора ва расмийлар, Путиндан тортиб Медведевгача, Патрушевдан тортиб Бортниковгача – ҳаммаси ҳали далилловчи фактлар бўлмай туриб, Крокус терактининг буюртмаси Украина эканини баланд овозда айтмоқда. Шундай бўлса-да, калтак яна мигрантлар бошида синмоқда.
Крокус фожиасидан кейин Россияда мигрантларга, айниқса, “шарқона” қиёфадаги кишиларга нисбатан нафрат кучайди. Россиялик ММА жангчиси Макс Дивнич Марказий Осиёдан келган муҳожирларни РФдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган “келгинди маймунлар” деб атади. Яна бир россиялик қизнинг ижтимоий тармоқларда нацизмни намойиш этувчи видеоси тарқалди. Видеотасвирда у ота-онаси билан бирга савдо марказига киришдан бош тортганини, чунки у ерда жуда кўп “чурка”лар (кавказликларга нисбатан ишлатиладиган ҳақорат қилувчи сўз, “аҳмоқ” маъносини билдиради) борлигини айтади.
“Кўряпсизми, у ерда қанча кўп “чурка”лар бор? Бу мен учун жудаям қўрқинчли, шунинг учун машинада қолдим”, дейди қиз.
Россияга келган қирғизистонлик муҳожирлар икки кун давомида Москванинг Шереметево аэропортида ушлаб турилиб, озиқ-овқат ва сувсиз хонага қамаб қўйилган, кейинроқ уйларига қайтарилган. Бир неча кун аввал Россиянинг Узоқ Шарқидаги Благовешенск шаҳрида муҳожирларга тегишли корхона ёқиб юборилди. Москва жануби-ғарбидаги Калуга шаҳрида бир неча муҳожир калтакланди.
Афтидан, тожикистонликларнинг маҳсулотлари ва хизматларига бойкот эълон қилинган кўринади. Москвадаги такси ҳайдовчиларидан тожикистонлик эмаслигини тасдиқлашлари сўралган. Ярим миллион обуначига эга “Greyzone” Telegram-каналида фойдаланувчи қуйидагича изоҳ қолдирди:
“Биз улар кўрсатаётган хизматни бойкот қилишимиз керак: уларнинг кафеларида овқатланманг, уларга сочингизни кестирманг, уларнинг таксисига минманг, УЛАРДАН ҲЕЧ НАРСА СОТИБ ОЛМАНГ. Биз хабарни тарқатишимиз керак”.
Россия бўйлаб бегуноҳ тожик муҳожирлари таҳдидлар, оғзаки ҳақоратлар ва камситишларга учраган.
“Бир ҳовуч одамлар бутун бир халқни шарманда қилди. Энди улар бизга лаънатлангандек қарашади. Шаҳар бўйлаб юрганингизда хавфсизлик ҳисси йўқ”, дейди тожикистонлик муҳожирлардан бири “Eurasianet” нашрига берган интервьюсида.
Теракт уюштиришда айбланаётган 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзовнинг собиқ ҳамкасблари ҳам ҳаёти хавф остида эканини билдирган. Муҳаммадсобир Файзов бир неча ой давомида Иваново вилояти Тейково шаҳридаги сартарошхоналардан бирида ишлаб келган. Бу воқеадан сўнг ушбу сартарошхона ходимларига оммавий таҳдидлар кела бошлади. Ҳатто, ходимларнинг уйларини ёқиб юбормоқчи бўлишди.
Мигрантларга қарши чеклов таклиф этилмоқда
Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бир неча кундан бери Россияга киришда кучайтирилган текширувдан ўтказилмоқда. Уларнинг кўпчилиги аэропортлардан ташқарига чиқарилмаяпти, бошқалари депортация қилиниб, ортга қайтариб юборилмоқда. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда бевосита гувоҳлар хабар бермоқда.
Ҳозир Россияда хавфсизлик кучлари томонидан “шарқона” кўринишдаги одамларни текшириш авж олиб кетди. Россия шаҳарларида одамлар Тожикистондан келган ҳайдовчилар бошқарувидаги таксида юришдан бош тортмоқда. Баъзи иш берувчилар эса тожикистонлик ходимларидан ҳозирги шахсий маълумотларини тақдим этишларини сўраган.
26 март куни Россияда Марказий Осиё мамлакатлари билан визасиз режимни бекор қилиш таклифи илгари сурилди. Буни “Адолатли Россия – ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия – за правду”) партияси раиси, Давлат Думасидаги партия фракцияси раҳбари Сергей Миронов таклиф қилган. Давлат Думасининг яна бир депутати Михаил Шеремет уруш давомида Россияга мигрантларнинг киришини чеклаш кераклигини айтди. Унинг иддао қилишича, чегарани кесиб ўтаётган хорижликлар – Ғарб разведка идораларининг Россияда террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун шароит яратади, вазиятни беқарорлаштириш воситаси бўлиб хизмат қилади.
Тожикистон Меҳнат, миграция ва бандлик вазири ўринбосари Шаҳноза Нодирийнинг маълум қилишича, терактдан сўнг кўплаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари мамлакатни тарк этмоқда.
“Бизга жуда кўп қўнғироқлар бўляпти. Фуқароларимиз ўзига нисбатан таъқиблар бўлаётганини очиқ айтишмаса-да, уларнинг аксари қўрқув ва ваҳима туфайли мамлакатдан кетишни хоҳлайди. Ҳозир биз вазиятни кузатиб боряпмиз: айни пайтда Россияга ишга кетганидан кўра кўпроғи [Тожикистонга] қайтяпти”, деган Нодирий.
Мигрантларни иқтисодий қийинчиликлар кутмоқда
Россия ИИВ маълумотларига кўра, Россияда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан борган 10,5 миллионга яқин муҳожир меҳнат қилмоқда. Яна кўплари рўйхатдан ўтмаган. Марказий осиёлик мигрантларга нисбатан ишончнинг йўқолиши уларнинг меҳнатига бўлган талабнинг камайиши ва ўз-ўзидан иш ҳақлари пасайишига олиб келиши мумкин.
Россиянинг Новгород вилоятида патент асосида ишлайдиган чет элликлар спиртли ичимликлар сотиши, автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаши тақиқланди. Тегишли фармонни вилоят губернатори Андрей Никитин имзолаган. Ҳужжатга кўра, хорижий фуқароларга алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиш, автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланади. Иш берувчилар ушбу тоифадаги ходимларни 26 июнгача ишдан бўшатишлари керак. Илгари мигрантларга саноатнинг айрим тармоқларида ишлашини тақиқлаш Челябинск, Магадан, Калининград, Тула, Новосибирск, Тюмень ва Калуга вилоятларида, шунингдек, Ханти-Манси автоном округи – Югра ва Якутияда жорий қилинган эди.
Марказий Осиёликларнинг аксарият қисмини иш билан таъминлаётган соҳа – автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлашнинг тақиқланиши муҳожирларга меҳнат жойи топишда муаммо туғдиради. Энди улар нисбатан оғир ишда – қурилиш соҳасида ишлашига тўғри келади.
Баъзи сиёсий таҳлилчиларнинг фикрига кўра, эндиликда Россияда мигрантларга тўланадиган маош миқдори камаяди, уларни Украинадаги урушга юбориш ҳолатлари кўпаяди, шунингдек, Россиядан депортация қилинганлар сони ҳам ошади. Биргина Санкт-Петербург шаҳридан ўтган ҳафта ичида 418 нафар мигрант депортация қилинди. Бу 4 миллиондан ортиқ фуқаролари ўз оиласини моддий жиҳатдан таъминлаб келаётган Ўзбекистон учун ёмон сигнал.
Мигрантлар Россиядан қувиладими?
Йўқ. Россия меҳнат бозорини арзон ишчи кучи билан таъминлаётган мигрантлардан воз кечолмайди. Айниқса, минглаб россиялик эркаклар Украина билан урушга сафарбар этилган, яна минглаб одамлар уруш туфайли мамлакатни тарк этган вақтда РФ марказий осиёлик ишчиларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож.
Россия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти томонидан 2023 йил декабрь ойида эълон қилинган маълумотларга кўра, Россияга яна 4,8 миллион нафар меҳнаткаш керак. Ишчи кучи тақчиллиги асосан қурилиш, транспорт, савдо каби соҳаларда кузатилмоқда. Мамлакатдаги вазиятни инобатга олган ҳолда ўтган ҳафта Президент Владимир Путин Россияда бирдамликни сақлашга чақирди.
“Биз кўп миллатли, кўп динли давлат эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Биз биродарларимизга, бошқа дин вакилларига ҳар доимгидек ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз керак – мусулмонларга, яҳудийларга, ҳаммага”, дейди Путин.
Шунга қарамай, мигрантлар Россия полициясининг асосий нишони бўлиб қолмоқда. Масжидлар, корхоналар, қурилиш кетаётган биноларда йирик рейдлар олиб борилади. Ўтган йилги рейдлар натижасида 15 мингдан ортиқ муҳожир депортация қилинган.
Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларга бепул юридик ёрдам кўрсатувчи Валентина Чупикнинг CNN’га маълум қилишича, РФ полицияси мигрантларни талон-торож қилмоқда.
“Полиция ўзини этник жиноятларга қарши фаол курашаётгандек ва террорчилик ҳужумларининг олдини олгандек кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Аслида улар муҳожирларни талон-торож қилишяпти. Мигрантлар полиция томонидан тўхтатилгани ҳақида ўнлаб шикоятларим бор ва (полиция) ўзларига ёққан нарсаларни ўғирлаб кетишган, айримлари жисмоний тажовузга учраган”, дейди у.
Бир неча ой аввал РФ ҳуқуқ-тартибот идоралари марказий осиёлик ишчиларни чўккалаб юришга мажбур қилгани акс этган видеотасвир ижтимоий тармоқларда тарқалган, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумати бу борада текширув ўтказилишини талаб қилган эди.
Ҳозир Россияда мигрантлар мураккаб даврни бошдан ўтказмоқда. Ксенофобик кайфият нафақат муҳожирлар, уларнинг боқувидаги юз минглаб оилалар, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бу сигналлар Ўзбекистон тезроқ иқтисодий тараққиётга эришиши қанчалик муҳим эканини исботлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь