Уйи бузилганларга ижара пули берилмаяпти, уйлар кечикяпти

Жамият

image

Бундан бир неча кун аввал, тўғрироғи 22 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Шайҳонтохур тумани “Сузук ота” маҳалла фуқаролари билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказган. Бу ҳақдаги хабар орадан 4 кун ўтиб Тошкент шаҳар ҳокимлигидан маълум қилинмоқда. 

Хабарда қайд этилишича, Шайҳонтохур тумани ҳокимлиги “Сузук ота” маҳалласининг фуқаролари билан 1 йилдан буён доимий мулоқот олиб бормоқда. 

Тошкент шаҳар ҳокими билан ўтган учрашув давомида фуқаролар қурилиш ишлари муддатидан анча ўтиб ҳам битмаётганини, ижара пули бир неча ойлар давомида ҳам тўланмаётганини таъкидлаганлар. Фуқаролар мурожаати тинглангач, қурилиш раҳбари ҳам ўша кундаёқ учрашувга чақиритирилган. Ортиқхўжаев фуқаролар тақдирига лоқайдлик билан қараган шахсга нисбатан қаттиқ огоҳлантириш берган. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тарқатилган хабарда фуқароларнинг ижара масаласидаги мурожаати ҳам эътиборсиз қолмагани айтилмоқда. Ушбу муаммо ҳокимлик кўрсатмаси асосида бартараф этилиб, шу кундаёқ фуқароларга ижара пуллари берилган. 

Учрашув сўнггида қурилиш раҳбари фуқароларга 7 қаватли уйлар март ойининг сўнггида, 12 қаватли уйлар эса июль ойида топширилишини таъкидлаган. 

Жорий йилнинг 18 февраль куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида ва Марказ-1 ҳамда Марказ-2 ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан учрашганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан учрашув ҳақида тарқатилган ахборотда, мулоқот ўта сокин ўтгани баён қилинган. Асл ҳақиқат эса ижтимоий тармоқлар, хусусан Facebook’да тарқалган видеолардан аён бўлди. Унда аҳоли вакиллари масъуллардан норозилигини баралла айтган. Умид қиламизки, Шайхонтоҳур туманидаги учрашув ҳам шундай ўтмаган. 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сузук ота маҳалласи

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг