Уйда ўқиладиган намоз, онлайн табриклар, комендантлик соати – дунё мусулмонлари Ийд ал-Фитрни қандай кутиб олмоқда?
Жамият
−
22 Май 2020
7063Муқаддас Рамазон ойининг ҳар бир куни шукуҳли. Бу ойда қалблар юмшайди, инсонларнинг бир-бирига меҳри ортади. Энг аввало, Яратганини танийди. Шу боис уни кузатишда ҳам чиройли байрам қилинади. Ийд ал-Фитр ана шундай айёмдир. Бу кунда тонг ўзгача киради, ҳовли, кўча, маҳалла, шаҳар – бутун дунёда омонлик куни бўлади. Одамлар байрам билан бир-бирини қутлаган, кексалар ва беморларнинг кўнгли овланган, болалар хурсанд, хуллас, бутун борлиқ қувончга тўлади.
Аммо бу йилги Рамазон хайити коронавирус пандемияси сабабли ўзгача тартибда ўтадиган бўлди. Тартиби шундаки, байрам намозига масжидларга чиқилмайди, байрамни барча уйида, оила аъзолари қуршовида ўтказади. Бу нарса байрам шукуҳига таъсир кўрсатса-да аммо унутмаслик керак: биринчидан, бу ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги хавфсизлиги учун зарур бўлса, иккинчидан бу тартиб бутун дунё мусулмонлари учун тавсия этилмоқда. Келинг, мисоллар орқали дунё мусулмонлари Рамазонни қандай кутиб олганлари ва Ийл ал-Фитр байрамини қандай қаршилашлари ҳақида сўз юритсак.
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси бу йил муқаддас Рамазон ойи тугаши муносабати билан мамлакатдаги масжидларда байрамона ибодат ўтказилмаслигини маълум қилди. Ҳар бир мусулмонга ўз уйида ибодат қилиш тавсия этилди. Мамлакатда карантин чекловлари сабаб жума ва беш вақт намозларни масжидда ўқишга тақиқ эълон қилинган эди. Жумладан, масжидларда фаолият юритадиган ошхоналар ҳам вақтинчалик ёпилган эди.
Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳам мамлакат масжидларида Хайит намозлари ўқилмаслигини маълум қилди. Мамлакатда карантин сабаб масжидлар ёпилмаган, аммо у ерга фақатгина имомларгагина, даъват ишларини олиб боришлари учун рухсат берилган эди.
Ушбу давлатлар сирасига Туркияни ҳам қўшиш мумкин. Ийд ал-Фитр байрами пайтида коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун мамлакатда тўрт кунлик изоляция жорий этилди. Фуқароларга шанба кунидан бошлаб кўчаларга чиқиш тақиқланади. Одатда ушбу байрам муносабати билан Туркияга ҳар йили 5 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. Бу эса, ўз навбатида, давлатга 1,6 миллиард доллар қўшимча фойда келтиради. Аммо айни дамда пандемия қоидалари сифатида мамлакатга кириш тақиқланган. Масжидлар 29 май куни очилиши режалаштирилган, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан Ийд ал-Фитр байрамида улар очилмайди.
Ёки мусулмон аҳолиси кўпчиликни ташкил этувчи Миср давлати ҳам бу борада тегишли равишда тақиқловлар қўйди. Ийд ал-Фитр байрами давомида вирус тарқалишининг олдини олиш учун жамоат транспорти тўлиқ тўхтайди. Савдо ва кўнгилочар марказлар, сайр, пляжлар, истироҳат боғлари ва ресторанлар ёпилади. Ҳозир соат 21: 00 да бошланадиган комендантлик соати 17: 00 дан 06: 00 гача ўзгартирилади. Бундан ташқари, 30 майдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси жамоат жойларида тиббий ниқобларни мажбурий чора сифатида жорий этишга қарор қилди. Чеклов чоралари июнь ойининг ўрталаригача давом этади.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларида Хайит байрами пайтида коронавируснинг олдини олиш бўйича махсус кўрсатмалар белгиланди. Жумладан:
1. Меҳмондорчилик ва учрашувлар тақиқланади, қариндошларнинг табриклари телефон ва интернет орқали қабул қилинади.
2. Савдо марказларида икки соатдан кўп бўлмаган вақтга рухсат берилади (болалар ва кексаларга савдо марказларига кириш тақиқланади);
3. Болаларга нақд пул бериш тақиқланади;
4. Икки соатдан кўп бўлмаган, уч кишидан кўп бўлмаган гуруҳларга спорт билан шуғулланиш;
5. Намозни фақат уйда, оиласи билан ўқиш мумкин;
6. Ниқоб тақиш ва қўлларни тез-тез ювиб туриш шарт этиб белгиланди.
Россия Президенти Владимир Путиннинг шахсан ўзи Россия мусулмонларининг ўзини ўзи яккалаш режимига риоя қилишларини сўради.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Хайит байрами пайтида уйда қолишга чақирди. Доғистон раҳбарияти ва Муфтийлар кенгаши ва Россия мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари Равил Гайнутдин ҳам худди шундай мурожаат билан чиқишди.
Бу каби хавфсизлик чора-тадбирлари дунё мусулмони истиқомат қилувчи деярли барча мамлакатларда амалга киритилмоқда. Чунки бугунги кун талаби, инсонларнинг саломатлиги йўлидаги масъулият ҳам ана шуни талаб этмоқда. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси байрам куни уйда қолишни тавсия этиб , жумладан, шундай деди: “Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин!”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь