Уйда кир ювиш машиналарининг бўлиши иқтисодий фаол аёллар сонини оширади – тадқиқот
Жамият
−
01 Июнь 2023
4849Уйда кир ювиш машиналарининг бўлиши иқтисодий фаол аёллар сонини оширади. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда аёлларнинг кир ювиш машиналари билан таъминланиши уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигига қандай таъсир қилишини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди.
Тадқиқот натижаларига кўра, кир машинасида кир ювиш учун аёллар ўртача 17 дақиқа вақт (кирни саралаб машинага солиш ва ундан сўнг қуриши учун осиш) сарфлайди. Кийимларни қўлда ювиш кир ювиш машинасидагига қараганда кўпроқ меҳнат талаб қилиб, ўртача 1,5 соатдан 2,5 соатгача давом этади.
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистондаги ҳар 100 та уй хўжалигининг 95 тасида кир ювиш машинаси бор. Кир ювиш машиналари билан таъминланганлик кўрсаткичи Сирдарё вилоятида энг паст – 83 та, Тошкент шаҳрида эса энг юқори – 128 та.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Статистика агентлигининг уй хўжаликлари сўровида кир ювиш машиналарининг тури (автомат, ярим автомат) ёки қандай мақсадларда фойдаланилиши (қишлоқларда сутдан қаймоқни ажратиш мақсадларида ҳам фойдаланилади) сўралмайди ва шаҳар-қишлоқ кесимида маълумотлар келтирилмайди.
“Шунинг учун уй хўжаликларининг 100 тадан 96 тасида автомат кир ювиш машинаси бор ва улардан айнан кир ювишда фойданилади, дейиш бироз мушкул”, дейилади хабарда.
Келтирилишича, ўзбекистонлик аёлларнинг иқтисодий фаоллик даражаси бошқа мамлакатлардагига нисбатан паст (43 фоиз). Бунинг асосий сабаби улар кўп вақтини уй ишларига сарфлаши қайд этилган. Тадқиқот натижаларига кўра, иқтисодиётда банд бўлган ўзбек аёллари уй ишларига кунига 4 соат вақт ажратади.
“Ўзбек аёлларининг бўш вақти жуда оз эканини исботловчи яна бир кўрсаткич уларнинг фарзандларига кўп вақт ажрата олмаслигидир. Мисол учун бор йўғи 36,8 фоиз аёллар фарзандларига турли хил китобларни ўқиб беришини, 37,4 фоиз аёллар фарзандлари билан ўйинлар ўйнаб, дам олишини билдирган”, дейдилади тадқиқотда.
Тадқиқот натижаларига кўра, уй хўжаликларининг кир ювиш машиналари билан таъминланганлик даражаси 1 фоизга ошиши иқтисодий фаол аёллар сонини 1,9 фоизга ёки 122 минг нафарга оширишади. Шунингдек, уй хўжаликларининг шахсий комптерларга эга бўлиши ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллигига ижобий таъсир қилиши таҳлил натижаларига кўра аниқланган.
Маълум қилинишича, автомат кир ювиш машинасидан фойдаланиш бир ҳафтада ўртача 4 соат вақтни тежашда ёрдам беради.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда кир ювиш машинасини харид қилиш учун (истеъмол кредити) кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 25 фоиздан бошланади. Бўлиб бериш тартибида харид қилинганида таннархидан камида 40 фоиз қимматга тушади. Шуларни инобатга олган холда, айнан кир ювиш машинасини харид қилиш истагидагидаги аёллар учун махсус йиллик фоиз ставкаси марказий банк томонидан белгиланган молиялаштириш ставкаси миқдорида бўлиши таклиф этилади”, дея таклиф билдирган мутахассислар.
LiveБарчаси