Уят сабаб айтилмаган ҳикоялар: Марказий Осиёда ноодатий флешмоб бошланди

Олам

−

image

Марказий Осиёда #IAmJaneDoe (Мен Жейн Доуман) флешмоби доирасида болалигида жинсий зўравонликка учраганлар ўз бошидан кечирган воқеалар ҳақида аноним равишда ёза бошлади. Бу ҳақда Қирғизистон Жогорку Кенеш депутати Эльвира Сўраболдиева маълум қилди.

Қайд этилишича, флешмоб Қирғизистондан ташқари Ўзбекистон ва Қозоғистон фойдаланувчилари орасида ҳам тарқалган. Ижтимоий тармоқларда болалик ва ўсмирлик даврида зўравонликка учрагани ҳақида ёзганлар орасида аёллар билан бирга эркаклар ҳам бор.

Сўраболдиеванинг айтишича, қирғизистонлик аноним фойдаланувчиларнинг ёзганлари ва уларнинг сони жиддий хавотир уйғотмоқда. Айрим постларда зўравонлик 4, 5 ва 6 ёшда содир бўлгани айтилган.

“Биз бу муаммо фақат қизларга тегишли, деб ўйлаймиз. Аммо ўғил болалар ҳам зўравонлик ҳақида аноним равишда ёзмоқда. Бу жуда жиддий сигнал”, дейди депутат.

Унинг сўзларига кўра, айрим ота-оналар жамиятнинг муносабатидан қўрқиб, фарзандига бўлган воқеа ҳақида гапирмасликни буюради. Бунда “уят” деган тушунча асосий сабаблардан бири бўлмоқда.

“Кўпинча ота-оналар “уят”, деб бу ҳақда гапиришни тақиқлайди. Аммо бу инсонда бир умр қоладиган жароҳат. У аёлда ҳам, эркакда ҳам қолади”, дейди Сўраболдиева.

Депутат ота-оналарни фарзандларига нисбатан эътиборли бўлишга чақириб, зўравонлик фақат қизларга нисбатан содир бўлади, деган қараш нотўғри эканини таъкидлаган.

Аноним ҳикоялар ортида қандай воқеалар бор?

Флешмоб доирасидаги ёзувларни кўриб чиқиш иштирокчилар бошидан кечирган воқеалар нафақат ёши, балки зўравонликда тилга олинган шахслар билан муносабатлари жиҳатидан ҳам фарқ қилишини кўрсатади.

Қирғизистонликларнинг постларида асосан болалик ва ўсмирлик даврида содир бўлган ҳолатлар тилга олинган. Масалан, бир иштирокчи воқеа пайтида 7 ёшда бўлганини, унга нисбатан зўравонлик қилган шахс эса 17 ёшдаги қўшнисининг ўғли бўлганини ёзган.

Яна бир постда тармоқ фойдаланувчиси 5 ёшидан бошлаб бир неча йил давомида турли ёшдаги эркаклар билан боғлиқ ҳолатларни тилга олган. У зўравонликда қўшниси, мураббийи ва амакисини кўрсатган. Бошқа бир ёзувда эса воқеа жабрланувчининг 19 ёшида содир бўлгани ва унга яқин бўлган дўсти ҳамда гуруҳдоши тилга олинган.

Қозоғистонликларнинг аноним ёзувларида ҳам жабрланганлар ва зўравонликда гумон қилинаётган шахслар ўртасидаги яқин муносабатлар кўзга ташланади. Постлардан бирида қурбон 5 ёшда бўлгани ва иккинчи шахс 17 ёшдаги амакиси эканини ёзган.

Бошқа ҳикояларда 4-5 ёшли бола ва отасининг ўгай акаси, шунингдек, 5-6 ёшли бола ва отасининг ўгай отаси билан боғлиқ ҳолатлар келтирилган. Яна бир жабрланган шахс 6 ёшида акаси билан боғлиқ воқеани тилга олган.

Ўзбекистондан бўлганлар эълон қилган постда эса зўравонлик қурбони бўлган шахс воқеа вақтида 7 ёшда бўлганини, унга нисбатан зўравонлик қилган шахс эса 38 ёшли жисмоний тарбия ўқитувчиси эканини ёзган.

Шу тариқа, аноним ёзувларда зўравонлик ҳолатлари боланинг яқин ижтимоий муҳити – оила, қариндошлар, қўшнилар ва таълим муассасалари билан боғлиқ турли вазиятларда тилга олинган. Айрим ҳолатларда эса воқеа болалик ёки ўсмирлик давридан йиллар ўтиб ҳам уларнинг хотирасида сақланиб қолганини англаш мумкин.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳам ижтимоий тармоқлардаги аноним мурожаатлар фонида зўравонликка учраганларни милицияга мурожаат қилишга чақирган. Вазирлик бундай мурожаатлар қонун доирасида рўйхатга олиниши ва кўриб чиқилишини маълум қилган.

Ҳуқуқшунос Наргиза Алибаева эса жинсий зўравонлик бир неча йил олдин содир бўлган бўлса ҳам, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш мумкинлигини айтган.

Унинг тушунтиришича, воқеадан 5, 10 ёки 15 йил ўтиб қилинган мурожаат ҳам рўйхатга олиниши ва текширилиши керак. Бунда жабрланган шахснинг кўрсатмаси, воқеа ҳақида аввал бошқаларга айтгани, сақланиб қолган ёзишмалар, суратлар, аудиоёзувлар ва бошқа далиллар аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Ҳуқуқшуносга кўра, жиноятнинг ҳуқуқий баҳоси боланинг ёши, гумон қилинувчининг ёши, содир этилган ҳаракатнинг хусусияти, зўравонлик ёки таҳдид бўлган-бўлмагани ва бошқа ҳолатларга қараб белгиланади.

Агар зўравонлик яқинда содир бўлган бўлса, аввало боланинг хавфсизлигини таъминлаш ва уни гумон қилинувчи шахс билан алоқадан ҳимоя қилиш зарур. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва тиббий муассасага мурожаат қилиш тавсия этилади.

Мутахассис болани айбламаслик, унга босим ўтказмаслик ва воқеани қайта-қайта гапиришга мажбур қилмаслик муҳимлигини таъкидлаган. Сақланиб қолган ёзишмалар, хабарлар, суратлар ва бошқа эҳтимолий далилларни ўчирмаслик ҳамда ўзгартирмаслик керак.

#IAmJaneDoe флешмоби қаердан бошланган?

#IAmJaneDoe ҳаракати АҚШдаги Корнелл университетининг собиқ талабаси билан боғлиқ воқеадан кейин пайдо бўлган. Асли исми ошкор қилинмаган аёл жорий йилнинг сентябрь ойида университет, талабалар биродарлиги ва етти нафар эркакка қарши фуқаролик даъвоси киритган.

У 2024 йилнинг октябрь ойида спиртли ичимлик ва гиёҳванд модда истеъмол қилишга мажбурланганидан кейин гуруҳ бўлиб жинсий зўравонликка учраганини даъво қилган. Айбланаётган шахслар суд томонидан айбдор деб топилмаган, жиноий тергов эса давом этмоқда.

Шундан сўнг, аёлнинг шахсини аниқлашга бўлган уринишлар фонида ижтимоий тармоқларда #IAmJaneDoe хештеги пайдо бўлган. Кейинчалик бу ҳаракат турли мамлакатлардаги одамлар ўз бошидан кечирган жинсий зўравонлик ҳақида ҳикоя қиладиган флешмобга айланган.

Флешмоб тамойили жиҳатидан #MeToo ҳаракатига ўхшайди. У ҳам жинсий таъқиб ва зўравонлик ҳақида аввал сукут сақлаган одамларнинг ўз воқеаларини очиқлашидан кейин кенг тарқалган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг