Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига янги вазифалар юкланди
Жамият
−
27 Ноябрь 2019
4083Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳужжатга кўра, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлашни мувофиқлаштириш соҳасида, шунингдек, ягона сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди ва унинг зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:
• сув балансининг ягона ахборот тизимини яратган ҳолда Ягона давлат сув фонди сувларининг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотларнинг маълумотларини тўплаш, умумлаштириш ва тизимлаштириш орқали республиканинг ягона сув балансини шакллантиришни ташкил этиш;
• сувни ҳисобга олишнинг ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги мониторингини ўтказиш, зарур бўлганда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;
• Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича ваколатли органлар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
• тоза ичимлик сувининг стратегик захираларини яратишни ташкил этиш, шу жумладан, катта ҳажмдаги захира манбаларини барпо этиш;
• сувдан фойдаланиш соҳасида замонавий инновацион технологияларни, шу жумладан, сувнинг миқдори ва сифатини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни мувофиқлаштириш, уларнинг республика сув балансининг ягона ахборот тизимига интеграциялашувини таъминлаш.
Вазирликнинг марказий аппарати таркибига Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, республиканинг ягона сув балансини шакллантириш, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш тизимига замонавий технологияларни жорий этишни ташкил қилиш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлган вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилиши белгиланди.
LiveБарчаси