“Ўтда ёнмас, сувда чўкмас” Бабаян “Навбаҳор” билан шартномасини узайтирди 

Спорт

image

Наманганнинг “Навбаҳор” клуби бош мураббий Самвел Бабаян билан ўртадаги келишувни узайтирди. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, наманганликлар Самвел Бабаян билан 2025 йилга қадар амал қиладиган келишув имзолаган. Битимнинг бошқа тафсилотлари ҳар доимгидек очиқланмаган.

Таъкидлаш керакки, Бабаяннинг мураббийлик фаолияти билан боғлиқ турли-хил мунозарали фикрлар мавжуд. У футболдаги фаолиятини айнан Наманганнинг “Навбаҳор” клубида бошлаганини эътироф этиш керак. Бабаян “лочинлар” сафида илк марта 1996 йилдан 2001 йилгача фаолият олиб борган. 2001-2002 йилларда эса Самвел Вячеславович футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида менежер сифатида ишлаган.

Албатта, Самвел Бабаянинг “қийғос гуллаган” даври Тошкентнинг “Пахтакор” клубида ўтган. У 2002-2014 йилларда “шерлар”нинг вице-президенти сифатида жавлон урган. Самвел Вячеславович Бабаян 2014 йилда фаолиятида туб бурилиш қилиб, расмий равишда “Пахтакор” бош мураббийига айланди. Дарҳақиқат, Бабаян мураббий бўлган мавсумдаёқ “шерлар” Ўзбекистон чемпионатида зафар қучди.

“Пахтакор”даги фаолияти орқали кўзга кўринган Бабаян 2015 йилнинг 23 июнида Миржалол Қосимовнинг ўрнига футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувига келди. Ҳеч қачон мураббийликдаги хислатлари билан ажралиб турмаган қаҳрамонимиз Ўзбекистон терма жамоаси билан 2018 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга кирита олмади. Бабаян 2017 йилнинг 7 ноябрига келиб, Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидан четлаштирилди. 

2018 йилнинг 15 январида Ўзбекистон футбол федерациясининг (ҳозирги ЎФА) 3-сонли қарорига кўра, Самвел Вячеславович Бабаян футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан бутун умрга четлатилди. Сабаб сифатида, “Пахтакор” клуби футболчиларнинг шартномаларини ўзгартиргани келтирилган. Яъни, Бабаян “Пахтакор”га янги раҳбарлар келишини билгач, шартномаси 2018 йилда якунланадиган футболчиларнинг битимини 2017 йилда тугайдиган қилиб ўзгартирган. Бундан кўзланган асосий мақсад футболчиларни сотиб, моддий манфаат кўриш бўлган.

Бутун умрга футболдан четлатилган “ўтда ёнмас, сувда чўкмас” Бабаян футболга қайтишнинг уддасидан чиқди. Албатта, у ҳеч қачон кучли мураббий сифатида тан олинмаган бўлиши мумкин, лекин уддабурон ва ишбилармонлиги билан тилларга тушган. Шунинг учун, Самвел Вячеславович Бабаяннинг ЎФФнинг (ҳозирги ЎФА) қарорини четлаб ўтганининг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ.

Футболга қайтгач, Бабаян Латвиянинг “Спартак” (Юрмала) клубида ишлади. Унинг бу жамоадаги фаолияти ҳам унчалик омадли чиқмаган. Шундан сўнг, Самвел Бабаян Тошкентнинг "Локаматив" клубида иш бошлади. “Темирйўлчилар” сафидаги қисқа муддатли саргузаштлари якунлангач, Бабаянга Хитойнинг “Чанчун Ятай” клуби ўз эшикларини очди.

Хитойни “забт эта олмаган” Бабаян 2021 йилнинг 10 июлида “Навбаҳор”да маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлади ва у тез орада бош мураббийлик курсисини ҳам эгаллади. Ҳозирда, 51 ёшли мутахассис бошчилик қилаётган “лочинлар” футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг жорий мавсумида муваффақиятли иштирок этмоқда. Наманганликлар Суперлиганинг ортда қолган 15 та туридан сўнг, 31 очко жамғариб, мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Самвел Бабаян “Пахтакор” “Навбаҳор”

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг