Ўзбекистондаги машғулот майдони ҳам Ироқдаги стадиондан анча яхши – Айман Ҳусайн
Sport
−
11:44 1004 2 minutes
“Пахтакор” жамоасининг ироқлик ҳужумчиси Айман Ҳусайн Элит Осиё чемпионлар лигаси доирасида “Эйр Форс”га қарши ўйиндан кейин Бағдоддаги стадион майдони ҳолатидан уялганини билдирди. Бу ҳақда Ҳусайн “WinWin” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Учрашувда “Эйр Форс” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона голни 69-дақиқада Саъд Абдул-Амир киритди.
“Ростини айтсам, “Сити Интернешнл” стадиони майдони ҳолатидан чин дилдан уялдим. Кечаги машғулот вақтида “Пахтакор” футболчилари майдонни қаттиқ танқид қилишди. Улар стадион янги кўринишда бўлса-да, майдон ҳолати бундай эканидан афсусланишди”, дейди Ҳусайн.
Унинг сўзларига кўра, “Пахтакор” футболчилари ундан Ироқда айнан шу майдонда ўйнашлари ёки йўқлиги ва унинг нега бундай ҳолатда эканини сўраган.
“Мен уларга Ироқ чемпионатида ҳафтасига тўртта ўйин ўтказилиши сабабли майдон ҳолати ёмонлашганини айтдим. Аслида, у бундан анча яхши бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилди футболчи.
Ҳусайн Ўзбекистондаги машғулот майдонлари Бағдоддаги стадион майдонидан анча яхши эканини ҳам таъкидлади.
“Ўзбекистондаги машғулот майдони ҳам “Ал-Мадина” халқаро стадионидан анча яхши. “Пахтакор” футболчиларига Ироқ терма жамоаси Басра халқаро стадионида ўйнашини, у ердаги майса идеал ҳолатда эканини айтдим. Ушбу учрашув ҳам ўша стадионда ўтказилишини истагандим”, дейди Ҳусайн.
Маълумот учун, Айман Ҳусайн “Пахтакор” сафида ҳозиргача 10 та учрашувда майдонга тушиб, бир гол урган ва бир голли узатмани амалга оширган. У Осиё чемпионлар лигаси элит босқичида эса учта ўйинда иштирок этиб, ҳозирча гол ура олмаган.
Live
All26 October
26 October