Усмоновнинг яқин ҳамкори тўсатдан вафот этди
Олам
−
24 Июль 2023
21699Жорий йилнинг 22 июль куни россиялик тадбиркор ва йирик IT-компания “ИКС Холдинг” раҳбари Антон Черепенников 40 ёшида вафот этди. Ўлимининг дастлабки сабаби юрак хуружи бўлган. Бу ҳақда компания РБКга маълум қилди.
Антон Черепенников 1983 йил 7 майда Москвада туғилган. Дўстларининг сўзларига кўра, у болалигидан видео ўйинларини яхши кўрган. Черепенников 15 ёшида компьютер клубларига боришни бошлаган. Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг Ахборот хавфсизлиги бўлимида ўқишни битирмай тарк этган. 2008 йилда Москва давлат қурилиш университетини тамомлаган.
Маълумотларга кўра, тадбиркор икки марта турмуш қурган. Биринчи турмушидан Антоннинг бир қизи ва бир ўғли бўлган. “Tatrel” журналига берган интервьюсида Черепенников ажралиш сабаби бизнес ва кўп вақтни оладиган бошқа лойиҳалар эканини айтган. У 2015 йил бери иккинчи марта оила қурган.
Черепенников турли йилларда Россиядаги энг муваффақиятли ёш тадбиркорлар рўйхатига киритилган. 2019 - 2020 йилларда тадбиркор РБКнинг “Йил тадбиркори” мукофотига номзод бўлган. 2023 йил февраль ойи охирида Черепенников АҚШнинг CDN рўйхатига, кейинроқ эса Украина санкциялари рўйхатига киритилган.
Ўйин бизнеси ва Усмонов билан алоқа
2003 йилда Черепенников “Virtus.pro” киберспорт компаниясига асос солган. 2015 йилда Антон Черепенников ўша пайтда NAVI клубига эгалик қилган Александр Кохановский билан биргаликда ESforce холдингини яратди, унга бир қатор бошқа киберспорт активлари қаторида Virtus.pro клуби ҳам киради.
Айни вақтда миллиардер Алишер Усмонов Virtus Pro киберспорт жамоасига 100 миллион доллар сармоя киритган. Кейинчалик, ўша пайтда асосий акциядорлари бизнесмен тузилмалари бўлган Mail.ru Group (ҳозирги тузилма ВК деб аталади) бизнесни 100 миллион долларга сотиб олди.
Антон Черепенниковнинг бизнеси кўпинча Алишер Усмонов билан боғлиқ эди – у уларни миллиардердан сотиб олган ёки активларини унга сотган. Бироқ 2019 йилда “Ведомости” нашрига берган интервьюсида Черепенников Усмонов билан ишлаганидан ғурурлансада, уни “Усмоновнинг киберспорт бўйича ҳамкори” деб доимий тилга олинишидан чарчаганини билдирган.
Черепенников ҳақида нима дейишади?
Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Мақсуд Шадаев тадбиркорнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, вазирлик ўз навбатида компания ва унинг ходимларига унинг барча улуғвор режаларини амалга ошириш учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини айтган.
“Антон ўта ғайратли, ўта шуҳратпараст, ғайриоддий жасур тадбиркор бўлиб, у атрофида ноёб муҳандислар ва ишлаб чиқувчилар жамоасини тўплай олди. Унинг раҳбарлигида ИКС Холдинг мамлакатдаги энг йирик технологик компаниялардан бирига айланди”, деб ёзган Мақсуд Шадаев.
“Чексиз ишончли ва ўта масъулиятли инсон, қисқа умрида у кўп нарсага эришди. Антон юлдуздек ёнди ва афсуски, у жуда тез кетди. Энг истеъдодли инсонларнинг бу дунёни эрта тарк этиши жуда аламли. Антоннинг оила аъзоларига ва у учун азиз бўлган барчага ҳамдардлик билдираман ”, дейди USM холдингининг собиқ раҳбари Иван Стрешинский.
“Ростелеком” президенти Михаил Осеэвский Черепенников томонидан яратилган холдингни “АКТ соҳасида импорт ўрнини босувчи асосий двигателлардан бири” деб атади.
“Сўнгги вазият Антон нима қилаётгани, нимага борини бергани муҳимлигини яққол кўрсатди. Олдинда улкан режалар, жумладан, компаниямиз билан қўшма режалар бор эди. Антон томонидан йиғилган жамоа ўз ишини давом эттириши, унинг барча ғояларини ўзида мужассамлаштиргани жуда муҳимдир. Бу унинг энг яхши хотираси бўлади. Антон Черепенниковнинг оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдираман”, дейди у.
LiveБарчаси