Усмоновга алоқадор компания қўнғироқларни тинглаш ортидан мўмайгина даромад олди
Олам
−
09 Август 2019
7135Алишер Усмонов тузилмасига алоқадор “Цитадель” холдинги мобиль алоқа операторлари ва интернет-провайдерларга фойдаланувчиларининг маъмулотларини сақлаш ва Федерал хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа куч тузилмаларига беришни мажбурий қилиш тўғрисидаги қонуннинг йирик бенефициарига айланди.
РБКнинг маълум қилишича, “Цитадель” таркибига кирувчи “МФИ-Софт” компанияси тезкор-қидирув тадбирлари тизими (ТҚТТ) қурилмаларини ишлаб чиқариш бозорининг 80 фоизини қўлга киритди. Бу тизим куч тузилмалари ва маълумотлар базаси ўртасида алоқани таъминлайди. 2018 йилда “Ярова қонуни” кучга киргач, “МФИ-Софт” даромади 10,3 млрд рублгача ошган. Соф фойда тўрт баравар ортиб, 2,07 млрд рублга етган.
Қонунга мувофиқ ТҚТТни ўрнатиш ҳуқуқи “Роскомнадзор”дан лицензия олган, алоқа соҳасида хизмат кўрсатувчи барча компанияларга берилиши керак. Йирик мобил алоқа операторларининг ҳисоб-китобига кўра, уларнинг ҳар бири бунинг учун бир неча млрд рубль сарфлаши керак.
Қайд этилишича, “Цитадель” холдинги ТҚТТ ишлаб чиқарувчи компанияларни қонун қабул қилинишидан аввалроқ 2016-2018 йилларда сотиб ола бошлаган.
Маълумот учун, “Россия Федерацияси Жиноят кодексига ва Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексига терроризмга қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ва “Терроризмга қарши қўшимча чора-тадбирлар ва жамоат хавфсизлиги тўғрисида Россия Федерациясининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлари халқ орасида “Ярова қонуни” (муаллифлардан бири Ирина Ярованинг номига атаб қўйилган) деб, аталади. Қонунлар террорчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириши мақсадида қабул қилинган.