“Ўш воқеалари”нинг айбдори сифатида кўриладиган Отунбоева Ўзбекистонга келди
Жамият
−
16 Ноябрь 2023
147682010 йилнинг июнь ойида содир бўлган ва тарихга “Ўш воқеалари” номи билан кирган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаронинг асосий айбдорлари рўйхати бошида кўриладиган Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбоева бугун, 16 ноябрь куни Ўзбекистонга келди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам миссияси раҳбари лавозимида фаолият юритаётган Роза Отунбоева Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашган. Бу ҳақда Саидовнинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси раҳбари Роза Отунбоева хоним билан учрашишдан мамнунмиз”, деб ёзган Саидов.
Маълум қилинишича, томонлар Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, ушбу мамлакат миллий иқтисодиётини тиклаш ва турли инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳамда Афғонистон йўналишида илгари сурилган ташаббуслар юзасидан фикр алмашган.
Ўш воқеалари ва Отунбоева
У 2010 йил 3 июлдан 2011 йил 1 декабргача Қирғизистон Президенти лавозимида ишлаган.
2011 йилда содир бўлган "Апрель инқилоби" собиқ президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятининг ағдарилишига олиб келган. Бишкекдаги қуролли тўқнашувларда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бакиев мамлакатни тарк этган, ҳокимият Роза Отунбоева бошчилигидаги Муваққат ҳукуматга ўтган, Алмазбек Атамбоев унинг биринчи ўринбосари бўлган.
Муваққат ҳукуматга раҳбарлик қилган Роза Отунбоева 2010 йил июнь ойида содир бўлган Ўш ва Жалолобод воқеаларининг асосий айбдорларидан бири ҳисобланади.
2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. Ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.
Июнь воқеалари бўйича жиноий тергов 2021 йил апрель ойида қайта тикланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири – Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқларсиз ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича иш қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь