USAID раҳбари Саманта Пауэр Ўзбекистонга келяпти
Жамият
−
22 Октябрь 2023
8687Эртага, 23 октябрь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари Саманта Пауэр Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбари Саманта Пауэр Ўзбекистонда бўлади. У минтақавий алоқалар бўйича C5+1 форматидаги биринчи вазирлар конференциясини ўтказиши ҳамда АҚШ ҳукуматининг минтақа давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва фаровонлигига содиқлигини тасдиқлаши режалаштирилган.
“Тараққиёт масалалари бўйича вазирлар учрашуви минтақавий ўзаро алоқалар, савдо, иқтисодий ўсиш ва тадбиркорлик, иқлимий ва энергетик ечимлар, шунингдек, ёшлар учун имкониятларга урғу қаратган ҳолда Марказий Осиёда инклюзив, барқарор иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш бўйича аниқ чоралар кўриш учун барча бешта давлат вазирларини тўплаб, ушбу платформани мустаҳкамлайди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2015 йилдан буён C5+1 мулоқоти АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун асосий дипломатик платформаси бўлиб келмоқда.
LiveБарчаси