“Урушни тўхтатинг!” Мерц бомбаланаётган Киевдан Путинга мурожаат йўллади
Олам
−
13:52 798 2 дақиқа
Кеча, 4 октябрь куни Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Украина пойтахтига ташрифи чоғида ҳаво ҳужуми хавфи сиренаси янгради. Мерц камералар қаршисида турди ва Россия етакчиси Владимир Путинга мурожаат йўллади. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
“Путин жаноблари, бу маъносиз урушни тўхтатинг! Биз музокараларга тайёрмиз, ушбу урушни якунлаш бўйича бир-биримиз билан гаплашишга тайёрмиз. Аммо Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан ушбу ваҳшиёна ҳужумлар тўхтатилиши керак”, дейди Германия канцлери телеянгиликлар хизмати камераларига тўғридан тўғри қараб.
Қайд этилишича, бу воқеа Фридрих Мерц ва Украина Президенти Владимир Зеленский бир неча кун олдин зарба остида қолган Фанлар академиясини кўздан кечираётган вақтда содир бўлган. Шунингдек, канцлер ташрифи куни Киевда кўприк ва бошқа объектларга ҳужум қилинган.
Нашр маълумотларига кўра, бир кун аввал Москва хорижликлар ва дипломатларни “ўлим хавфи” ҳақида тўғридан тўғри огоҳлантириб, уларни Украина пойтахтини тарк этишга чақирган. Шунга қарамай, канцлер у ерга ташриф буюрди.
Бундан ташқари, Мерц ташриф давомида Зеленскийга Германия Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида эканини аниқ тушунтирди.
“Агар Россия тўхтатилмаса, унинг ҳарбий машинаси эртaми-кечми бизга қарши қаратилади. Сиз бундан буён ҳам бизнинг ёрдамимизга умид қилишингиз мумкин”, дея ишонч билдирган у.
Берлиндаги ҳукумат доиралари маълумотларига кўра, Германия Украинага қиймати бир миллиард евродан ортиқ бўлган навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини ажратмоқчи. Унинг таркибига узоқ масофали қуроллар, жанговар дронлар ва алоқа воситалари киради.
Бундан ташқари, Германия ҳукумати Россиянинг “Герань-4” ва “Герань-5” турдаги реактив дронларига қарши курашиш учун янги тутувчи дронларни серияли ишлаб чиқаришни тез орада бошлашни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия канцлери Фридрих Мерц махсус поездда Киевга боргани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ташриф ҳақида олдиндан эълон қилинмаган эди.
Live
БарчасиСергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь