Уруш етти ойлик бўлди, тўққизинчи ойга ўтса тугайди
Таҳлил
−
18:04 206 13 дақиқа
Миллионлаб тинч аҳолининг ёстиғини қуритган, оналарни боласидан, болаларни онасидан айирган АҚШ – Эрон уруши еттинчи ойида кетмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп мазкур етти ойлик урушни ноябр ойида бўлиб ўтадиган оралиқ Конгресс сайловларидан кейин дарҳол тугашини айтмоқда. Бироқ Теҳрон таслим бўлиш ниятида эмаслигини, АҚШ Эрон ҳудуди ва инфратузилмасига зарба беришда давом этса, қарши ҳужумларни кучайтиришини билдирмоқда.
Можаро 2026 йилнинг 28 февралида бошланган бўлса, шу вақт ичида Эроннинг ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмаси жиддий зарар кўрди, минглаб одамлар ҳалок бўлди, ўн минглаб кишилар жароҳатланди, яна кўплаб аҳоли ўз уйини тарк этди. Уруш фақат Эрон ҳудудига эмас, балки Ироқ, Исроил, Ливан, Иордания ва Форс кўрфази давлатларига, ундан кейин эса бутун жаҳонга кўланкали соясини солди.
9-сентябрь куни Эрон АҚШнинг 10 та денгиз кемасини нишонга олганидан кейин, Қўшма Штатлар ҳам жавоб тариқасида Ҳормуз бўғози яқинида Эроннинг 5 та нефть танкерини чўктирганини маълум қилди. Вашингтон бу зарбаларни Эроннинг АҚШ ҳарбий кемаларига такрорий ракета ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлади. Оқибатда Брент маркали нефть нархи бир баррель учун 100 доллардан ошди.
Талафотлар
Можаронинг дастлабки жанглари апрель ойида вақтинчалик тўхтаган бўлса-да, июнь ойида дипломатик келишув ортидан қисқа муддатли тинчлик юзага келди. Июль ойида эса айниқса Ҳормуз бўғози устидан назорат масаласи сабабли жанглар яна авж олди. АҚШ Эроннинг жанубий ҳудудлари ва транспорт инфратузилмасига зарбаларни кучайтирди. Урушдаги энг катта талафот Эрон ҳиссасига тўғри келмоқда. Бироқ қурбонлар сони бўйича турли
манбаларнинг рақамлари бир-биридан сезиларли фарқ қилади.
БМТнинг март ойидаги дастлабки гуманитар ҳисоботида 28 февралдан 17 мартгача Эронда 1,2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани ва 17 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани қайд этилган. Шу даврда 2,5 миллиондан ортиқ одам можаро таъсир зонасида бўлган, 54 мингдан ортиқ фуқаролик обекти зарар кўрган.
Апрель ойига келиб, БМТ тизимига оид малумотларда Эронда камида 2,1 минг нафар фуқаро ҳалок бўлгани ва 27,9 минг нафарга яқин аҳоли жароҳатлангани қайд этилган. Шунингдек, 115 мингдан ортиқ фуқаролик объекти зарар кўргани, 760 га яқин мактаб ва 315 та тиббий ҳамда фавқулодда хизмат объекти шикастланган.
Эрон расмийлари эса апрель ойида уруш бошланганидан буён 3 468 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Эрон соғлиқни сақлаш тизимидагилар эса урушдаги қурбонлар сонини 3,4 мингдан ортиқ деб кўрсатган. Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилувчи Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (Human Rights Activists News Agency) эса бошқа методология асосида урушнинг дастлабки босқичларида 3,6 мингдан ортиқ ўлимни қайд этган. Бироқ
уруш давом этаётгани туфайли якуний рақамни ҳозирча аниқлаш қийин.
Урушни асосан ҳаво ва денгиз кучлари орқали олиб бораётган Вашингтон Теҳрондан бир неча ўн баробар кам зарар кўраётган бўлса-да, шунга қарамай АҚШ ҳарбийлари орасида ҳам қурбонлар бор. 3 сентябрь ҳолатига кўра, 18 нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ва 750 нафардан ортиғи яраланган. АҚШнинг энг оғир йўқотишларидан бири уруш бошланганидан кўп ўтмай юз берган. АҚШ ҳарбийлари жойлашган ҳудудларга дрон ва ракета ҳужумлари оқибатида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган. Шунингдек, март ойида Ироқда KC-135 ёнилғи қуювчи самолётининг қулаб тушиши оқибатида 6 нафар ҳарбий ҳалок бўлган.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг ҳисоб-китоблари бўйича, ёз ойларида ярадор ҳарбийлар сони 770 нафардан ошган. Бироқ Пентагоннинг қурбонларни ҳисоблаш усулини ўзгартиргани сабабли рақамлар бўйича ҳам айрим чалкашликлар юзага келган.
Миллионлаб эронликлар уйини тарк этди
Урушнинг яна бир катта оқибати – мажбурий кўчиш. БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий агентлиги (UNHCR) март ойида 600 мингдан 1 миллионгача эронлик оила вақтинча уйини тарк этгани, бу эса 1,9 миллиондан 3,2 миллионгача одам кўчганини билдирган. Аҳолининг катта қисми Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарлардан мамлакат шимоли ҳамда қишлоқ ҳудудларига кетган. Бу жараён Эрон ичидаги ижтимоий ва иқтисодий босимни ҳам кучайтирди. Миллионлаб одамлар уй-жой, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва транспорт масалаларида қўшимча эҳтиёжга дуч келди. БМТ маълумотларига кўра, кўчирилган аҳолининг бир қисми тоза сувдан фойдаланишда ҳам муаммога дуч келган.
Урушнинг кўламини фақат қурбон бўлган аҳолининг сони билан ўлчаш нотўғри. У ижтимоий, маиший хизматларни ҳам издан чиқаради. Масалан, БМТга оид маълумотларда апрель ойининг ўрталарига келиб Эронда 115 190 та фуқаролик объекти зарар кўргани қайд этилган. Уларнинг катта қисми турар жойлар бўлган. Шунингдек, 760 га яқин мактаб, 315 та тиббий ва фавқулодда хизмат объекти ҳам зарар кўрган. ЖССТ маълумотларига кўра, 28 февралдан буён Эронда 229 та тиббиёт маркази, 49 та шифохона, 78 та фармацевтика объекти, лаборатория ва омбор зарар кўрган.
Бундан ташқари, 56 та тез тиббий ёрдам базаси зарарланган, 9 та шифохона эвакуация қилинган, 47 та тез ёрдам машинаси йўқ қилинган, 10 та бошқа тиббий транспорт воситаси ҳам зарар кўрган.
Бутун ерликларнинг АҚШга бўлган нафратини қўзғатиб юборган урушнинг кўргиликларидан бири – Миноб шаҳридаги қизлар мактабига берилган зарба бўлди. 28 февраль куни “Шажараи Таййиба” бошланғич мактаби вайрон бўлиб, Эрон расмийларининг маълумотига кўра, камида 150 киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг катта қисмини болалар ва мактаб ходимлари ташкил қилган. Бу воқеа урушдаги фуқаролик объектлари хавфсизлиги масаласини халқаро кун тартибига олиб чиқди. Уруш давомида электр энергияси таъминоти ҳам жиддий зарарланган. Эроннинг электр компанияси июль ойидаги ҳужумлардан кейин мамлакатнинг электр ишлаб чиқариш қувватининг тахминан 4 200 мегаваттлик қисми ишдан чиққан, шунингдек 2 мингдан ортиқ электр узатиш ва тақсимлаш нуқтаси зарар кўрган. Шунингдек, июль ойида Жаск порт шаҳри яқинидаги сувни тузсизлантириш объектига берилган зарба оқибатида насос станциялари вайрон бўлган ва яқин атрофдаги 10 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик сувисиз қолган.
Қўшма штатлар бу вақтгача Эроннинг жанубий қисмидаги транспорт инфратузилмасини шикастлади. Бандар-Аббос шаҳри атрофида камида 6 та кўприк ва тоннель зарар кўрган. Темир йўл тугуни ҳам ҳужумга учраган. Бу ҳудуд Эроннинг Форс кўрфази ва Ҳормуз бўғози орқали савдо ва ҳарбий юкларини мамлакат ички ҳудудлари билан боғлайдиган асосий марказлардан бири. Бандар-Аббосдаги Шаҳид Ражоий порти Эрон контейнер ташувларининг қарийб 85 фоизини қабул қиладиган муҳим логистика маркази ҳисобланади. Шунингдек, коммуникация инфратузилмаси ҳам зарар кўрган. Бандар-Аббос ва Ҳожиобод ҳудудларида 116 та телекоммуникация минораси ишдан чиққан.
Уруш қанчага тушди?
Ҳарбий зарбаларга қўшимча равишда АҚШнинг санкциялари ва денгиз блокадаси Эрон иқтисодиётини янада қийин аҳволга туширди. Бандар-Аббосдаги Шаҳид Ражоий портида савдо кескин камайган. Порт йилига 100 миллион тоннагача юк қабул қилиш имкониятига эга бўлса-да, уруш ва блокада сабабли унинг фаолияти кескин пасайган. Айрим савдо ва логистика тармоқларида иш ўринлари йўқолган, озиқ-овқат импорти ҳам қисқарган. Июль ойида урушнинг АҚШ бюджетига тушган харажатлари камида 37,5 миллиард долларга етди. Уруш давом этгани сари АҚШнинг ҳарбий техникаси, ўқ-дорилари ва қўшинларининг тайёргарлик имкониятларига босим ҳам кучаймоқда. “Reuters” август ойида можаро АҚШ ҳарбий ресурсларини сезиларли даражада зўриқтираётганини қайд этган. Август ойида Эронда инфляция 66 фоизга, озиқ-овқат нархлари эса 128 фоизга етгани ҳақида ёзган. Урушдан зарар кўрган инфратузилма ишлаб чиқариш ва бизнес фаолиятини ҳам сусайтирган. Яъни урушнинг зарари фақат бомбалар тушган жой билан чегараланмаяпти, унинг таъсири дўкон, завод, порт, транспорт, иш ўрни ва оддий оиланинг кундалик харажатларигача етиб бормоқда.
Кунига 3-4 марта очилиб ёпиладиган, АҚШ Президентини эчки қасамга чиқарган Ҳормуз бўғози дунё нефтининг қарийб бешдан бир қисми ташилади. 9 сентябрь куни Эрон АҚШ 5 та Эрон нефть танкерини чўктирганидан кейин бўғоз яқинида 10 та кемага ҳужум қилганини билдирди. АҚШ эса бу ҳаракатларга қарши зарбаларни давом эттирмоқда. У сабабли Форс кўрфазидан нефть экспорти урушдан олдинги даражанинг тахминан учдан икки қисмигача тушган. Август ойида экспорт ҳажми урушдан олдинги кўрсаткичга нисбатан кунига қарийб 10 миллион баррелга кам бўлган.
Бу эса жаҳон бозорида ёнилғи нархларининг ошишига олиб келди. 9 сентябрь куни Brent маркали нефть нархи бир баррель учун 100 доллардан ошди. Бу июль ойидан бери кузатилмаган кўрсаткич эди. АҚШда ҳам бензин нархи рекорд даражага яқинлашди. Кўриб турганингиздек, Эрон ҳудудидаги урушнинг оқибати америкаликларнинг автомобиль бакига ҳам етиб борди.
Ноябрда уруш тугайди
Шундай вазиятдан Дональд Трамп фойдаланиб қолишга уринмоқда ва у сайловолди ташвиқот нутқида АҚШ Конгрессига сайловлар тугагач, ёнилғи ва нефть нархлари кескин тушишини айтиб иддао қилмоқда. Шунингдек, Трамп урушнинг тугаш муддатини АҚШ ички сиёсати билан боғлаб, 9 сентябрь куни Вашингтон яқинидаги Joint Base Andrews ҳарбий базасида уруш 3 ноябрда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан сўнг дарҳол тугашини айтди. Трампнинг сўзларига кўра, Эрон урушга бундан ортиқ бардош бера олмайди. Унинг айтишича, Эрон АҚШдаги сайловларга таъсир кўрсатишга уринмоқда.
“Уруш сайловдан кейин тезда тугайди, чунки улар энди бундан ортиқ бардош бера олмайди. Улар сайловга таъсир ўтказишга уриниш учун умидсиз аҳволда”, деган Трамп.
Шунингдек, АҚШ Президенти Эрон билан музокаралар ўтказиш эҳтимолини ҳам бутунлай истисно қилмаган. Унинг сўзларига кўра, музокаралар бўлиши мумкин, бироқ ҳозирда Вашингтон бундай имкониятни кўриб чиқмаяпти.
“Музокара бўлиши мумкин, аммо ҳозир биз кўриб чиқаётган масала бу эмас”, деган у.
Трамп, шунингдек, АҚШнинг Эронга қарши операциялари давом этишига ишора қилган.
“Бундан ҳам кўпроғини кўрасиз”, деди АҚШ Президенти ҳужумлар ҳақида.
Масалага бошқа томондан қарайдиган бўлсак, АҚШ Президентининг урушни тугатиш ҳақидаги гаплари кутилаётган Конгресс сайлови олдидан навбатдаги қуруқ ваъда бўлиши ҳам мумкин. Урушнинг тугашини сайлов билан боғлаб, ваъда бераётган одам Трамп бўлса, у бунгача ҳам қоп-қоп ваъдаларни берган. АҚШ етакчиси иккинчи бор президентликка номзодини қўйган вақтидаги сайловолди дастурида Россия – Украина урушини ҳам бир ёқлик қилишга сўз берганди, кўриб турганингиздек Россия билан Украинанинг ҳали бери тинчиш нияти йўқ. Қўшимчасига, Трамп айнан АҚШ – Эрон ярашаётгани ҳақида шу вақтгача нақ 38 марта ёлғон гапирган. Бундан ташқари, у Афғонистон – Покистон ўртасидаги келишмовчиликка ҳам аралашиб, масалани ҳал қилолгани йўқ. Жорий йилнинг январь ойида Трамп томонидан Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш мақсадида тузилган “Тинчлик” кенгаши ҳам ишлаётгани йўқ, жим бўлиб кетди. Ҳали ҳамон кунига ўнлаб ғазоликлар ҳалок бўлмоқда.
Буларни ҳам қўя туринг, Эроннинг АҚШдаги сайловларга таъсир кўрсатишига уринаётганини важ қилиб кўрсатаётган Вашингтоннинг ўзида ҳам бу оптимизмга шубҳа билан қараётганлар бор. Оқ уйнинг айрим юқори мартабали амалдорлари можаро Трамп президентлигининг охиригача, яъни 2029 йил январгача давом этиши мумкинлигидан хавотирда.
Жонга жон, қонга қон
Теҳрон эса АҚШ босими кучайганига қарамай, урушни давом эттиришга тайёрлигини билдирмоқда. Эрон юқори мартабали расмийсига кўра, мамлакат АҚШнинг денгиз блокадаси ва нефть танкерларига қарши ҳужумларига қарамай ортга чекинмоқчи эмас. Унинг таъкидлашича, Эрон иқтисодий босим тобора кучайиб бораётганини тан олмоқда. Шунга қарамай, мамлакат раҳбарияти АҚШ билан урушни давлат мавжудлигига таҳдид сифатида баҳоламоқда. Шу сабабли Теҳрон учун жангни давом эттиришдан бошқа имконият деярли қолмаган. Bloomberg маълумотларига кўра, Эрон урушнинг апрель ойида якунланган энг кескин босқичидан кейин ҳарбий салоҳиятини қайта тикламоқда. Эрон узоқ давом этадиган уруш учун етарли миқдорда ракеталарга эга. Теҳроннинг позицияси шундан иборатки, АҚШ Эрон ҳудуди ва инфратузилмасига зарба беришда давом этса, Эрон ҳам қарши ҳужумларни кучайтиради.
9 сентябрь куни Халқаро атом энергияси агентлиги бошқарув кенгаши Эроннинг ядровий мажбуриятларини бажармаётгани ҳақидаги масалани БМТ Хавфсизлик Кенгашига юбориш учун овоз берди. Қарор 23 та овоз билан қўллаб-қувватланган, Россия, Хитой ва Нигер эса қарши чиққан. Эроннинг ядровий назорат бўйича вакили эса қарор АҚШ босими остида қабул қилинганини айтиб, унинг “ҳеч қандай асоси йўқ ва ҳеч қандай натижа бермайди” деган фикрни билдирди. Шу сабабли уруш тугаса ҳам, Эроннинг ядровий дастури бўйича можаро автоматик равишда тугаши кутилмаяпти.
Трампнинг даври тугаяпти(ми?)
Эрон билан уруш АҚШ президентининг Республикачилар партияси учун тобора жиддий сиёсий муаммога айланмоқда. Партия кузда Вакиллар палатаси ва Сенатдаги ўринларнинг бир қисмини бой бериши мумкин. Август ойининг охирида Массачусетс Амхерст университети томонидан ўтказилган сўровномага кўра, америкаликларнинг 68 фоизи Трампнинг урушни олиб боришидан норози. 1 сентябрда якунланган NBC News сўровномасида эса Трампнинг Эрон сиёсатини маъқуллаганлар атиги 31 фоизни ташкил этган. Кўриниб турганидек, унинг халқаро рейтинги пасаймоқда, америкаликлар эса уруш ва яшаш харажатларининг ошишидан норозилик билдирмоқда. Шу вазиятда Трамп Республикачилар партиясининг ноябрь ойидаги сайловларда ғалаба қозониши учун фаол кампания олиб бормоқда. У Далласдаги Республикачилар тадбирида яна бир ноодатий ваъдани ҳам берди: агар Республикачилар Конгресс устидан назоратни сақлаб қолса, ҳар бир вояга етган америкаликка 5 минг доллардан “Трамп дивиденди” тўлашини айтди. Яъни АҚШ раҳбари овозларни сотиб олмоқчи. АҚШда тахминан 270 миллион вояга етган аҳоли борлиги ҳисобга олинса, бундай дастур назарий жиҳатдан 1,35 триллион доллар атрофида маблағ талаб қилиши мумкин. Бироқ маблағни қандай молиялаштириш, кимларга бериш ва бундай тўловнинг қонуний механизми ҳозирча аниқ эмас. Трамп Далласдаги Республикачилар партиясининг миллий қурилтойида нутқ сўзлар экан, қурултойга келган меҳмонлар рўйхати президентнинг сиёсий мавқеи пасаяётганини ҳам кўрсатяпти. Масалан, Сенатдаги кўпчилик етакчиси Жон Тун қурултойда нутқ сўзламади. Бу Трампнинг Жанубий Дакота сенаторидан президент кун тартибидаги айрим масалалар ортга сурилаётгани сабабли норозилиги билан боғлиқ экани қайд этилган. АҚШдаги энг кескин кураш кечаётган сайловларда иштирок этаётган айрим номзодлар ҳам асосий саҳнага чиқишдан бош тортган. Улар орасида Мэн штатидаги республикачи сенатор Сьюзан Коллинз, Айова штатида Сенат учун курашаётган конгрессмен Эшли Хинсон ва Нью-Гэмпшир штатидаги Сенат сайловида республикачилар номзоди Жон Эдвард Сунуну ҳам бор.
Сиёсий таҳлилчиларнинг аксарияти Демократлар Вакиллар палатасидаги назоратни қайта қўлга киритишини кутмоқда. Сенат учун эса кураш анча мураккаб бўлади.
Қатар совға қилган самолёт Трампга яна панд берди
Жорий йилнинг 7-8 июль кунлари Туркия пойтахти Анқарада НАТО давлатлари раҳбарларининг саммитида АҚШ раҳбари ҳам қатнашганди. Ўша саммитга Трамп, тилларда достон бўлган янги - тахминий бозор қиймати 900 миллион долларлик Қатар Амири томонидан совға қилинган учоқда борганди. У Вашингтонга қайтиш чоғида суиқасд уюштирилиши таҳдиди сабабли, хавфсизлигига шубҳа қилиб, мазкур ҳашаматли самолётида эмас, балки United Airlines компанияси бортида, ўзининг эски самолётида қайтганди. 9-сентябрь куни ҳам Трампнинг сайловолди ташвиқот тадбирлари учун Техасга сафари чоғида ҳам ушбу – Air Force One самолётининг фавқулодда эвакуация зинапояси очилиб кетди ва шу сабаб сафар кечикди. Журналистлар самолётнинг парвоз учун қанчалик хавфсизлиги ҳақида сўраганида, Трамп қуйидагича жавоб берди:
“Ҳа, мен хавфсиз деб ҳисоблайман. Акс ҳолда унинг ичида бўлмаган бўлардим”, деган у.
Воқеадан бир неча дақиқа ўтиб, фавқулодда зинапоя самолётдан олиб ташланаётгани кўринган.
Хуллас, ўзини яхши кўрсатишга тиш-тирноғи билан тиришаётган Трамп бошчилигидаги Республикачилар қандай йўл билан бўлмасин, ҳақиқатнинг яқинига ҳам йўламайдиган ваъдалар бериб бўлса ҳам Конгрессдаги ўрнини ва Қўшма Штатлардаги тушиб кетган мавқеини сақлаб қолишга уринмоқда. Шу сабабдан ҳам АҚШ раҳбари бу йўлда энг зўр ишлайдиган ечим – нафақат америкаликлар, балки дунё аҳолисини зада қилиб юборган ва якуни интизорлик билан кутилаётган урушни тугатиш ҳақидаги пропагандадан фойдаланяпти дейиш мумкиндир, балки. Ноябрга ҳам оз қолди, уруш ростдан тугаши ёки тугамаслигини, нефть нархларининг ошиши ёки тушишини эса вақт кўрсатади.
Live
Барчаси