Урганчда 34 нафар фуқарога сохта авиачипта расмийлаштирган хусусий корхонаси раҳбари ва норасмий ишчисига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Урганч шаҳридаги “P.B.А.” хусусий корхонаси раҳбари М.Ш. ва норасмий ишчиси Х.Х.лар 34 нафар фуқаронинг номига сохта электрон авиачипталарни расмийлаштирган.
Шундан сўнг, корхонаси раҳбари ҳамда ишчиси авиачипталарни ҳар бирини 3-3,5 миллион сўмдан жами 106,2 миллион сўм ва 200 АҚШ долларига сотган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.