Урбанизация уй-жойларни бузиш дегани эмас – Арипов

Интервью

image

Жорий йилнинг 9 июль куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепцияси” жойлаштирилди.

Хўш, у нима? Ўз ичига нималарни қамраб олади? Урбанизация оддий тил билан тушунтирганда, уйларнинг бузилишию ўрнига янги City`ларнинг барпо этилишими? Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида вазир ўринбосари, Урбанизация агентлиги директори Жасур Арипов бу ҳақда журналистларга гапириб берди. 

“Яқинда ота-онам қўнғироқ қилишди. Уйимизни бузишаётганмиш. Шуми урбанизациянг, ўғлим, деб савол беришди. (кулиб) Халқимизда урбанизацияни шундай тушунаётганлар кўп ва биз қўлдан келганча улар билан мулоқот қилишга тайёрмиз”, дейди Жасур Арипов сўзи аввалида. 

2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида шаҳарлаштиришни ривожлантириш концепциясини яратиш жараёнида бир-бирига боғлиқ соҳаларда 30 дан ортиқ концепция ва дастурлар ўрганилган. Булар: уй-жой коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт коммуникациялари, енергетика, таълим, соғликни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳалар. Ҳужжатни ишлаб чиқишда ушбу тармоқлар учун маъсул бўлган давлат идоралари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ОТВ, Жаҳон банки, ОЕСД ва бошқа экспертлар иштирок этган. 

“Урбанизация” тушунчасини ҳамма турлича тушунади ва айрим ҳолларда бу жумлани уй-жойларни бузиш ҳолатлари билан боғлашмоқда. Аслида, урбанизация узоқ ва кенг қамровли жараён, демографик тенденциялар, миграция жараёни, иш билан бандлик, атроф-муҳит хавфсизлиги, экология ва бошқалардир. Умуман олганда, урбанизация ерларнинг самарадорлиги, шаҳарларни режалаштириш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва уй-жой қурилиш масалалари, шаҳар аҳолисининг ўсиши билан боғлиқ. Ва ўз навбатида муҳим ҳисобланган, бу шаҳарларнинг ролини ошириш, шаҳар маданияти ва муносабатлари, шаҳарлар ташқарисида шаклланган замонавий маданий шаҳар хаётининг тарқалиши жараёнидир”, дейди Арипов 

Агентлик директори шуни ҳам таъкидладики, Концепция доирасида алоҳида шаҳарлар ва шаҳар агломерацияларининг қиёсий ва рақобатбардош афзалликларини ҳисобга олган ҳолда шаҳарларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш ҳам кўзда тутилган.

“Концепцияни ишлаб чиқишда асосий эътибор мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга оширишга қаратилган бўлиб, ушбу Концепция муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар, қолаверса, жамоат жойларини ривожлантиришни ҳам ўз ичига олган. Маълумки, шаҳар инфратузилмасининг ривожланганлиги даражасига шаҳарларга жалб қилинадиган инвестициялар ҳажми ва шаҳарларга қишлоқлардан аҳолининг табиий миграцияси боғлиқ. Бу йўналиш бўйича Концепция доирасида 2030 йилга бориб шаҳарларда марказлаштирилган сув ва газ таъминотини 90% га, сувоқава тизими билан таъминлаш 68,9%га, киши бошига ўртача тўғри келадиган уй-жой фонди ҳозиргига таққослаганда 16 кв.м.дан 20 кв.м.га, 19 ёшга тўлган аҳолини олий таълим билан қамраб олинишини 50%га (ҳозир 20%) етказиш кўзда тутилган. Ушбу мақсадли кўрсаткичларни кейинчалик ўсиш жиҳатдан қайта кўриб чиқиш эҳтимоли ҳам бор”, дейди Жасур Арипов.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Концепцияга кўра, Собиқ Иттифоқ давридаги тартиб қайта “жонланиши” кутилмоқда. Унга кўра,  ОТМни тамомлаган талабалар маълум муддат мамлакатнинг бошқа ҳудудларига бориб ишлаб беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Жасур Арипов Урбанизация

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг