Умрбодга қамалган америкалик мултимиллионер вафот этди
Олам
−
12 Январь 2022
85982021 йилнинг октябрь ойида қотилликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган америкалик мултимиллионер Роберт Дёрст 78 ёшида Калифорниянинг Стоктон шаҳридаги шифохонада вафот этди. Бу ҳақда унинг адвокати Чип Льюисга таяниб, “The New York Times” газетаси хабар берди.
“Дёрст бугун эрта тонгда Калифорниядаги ахлоқ тузатиш ишлари департаменти ҳибсхонасида вафот этди”, дейди Льюис.
Газетага кўра, Дёрст соғлиғи ёмонлашгани туфайли Калифорния штатидаги қамоқхонадан шифохонага ўтказилган. Шифохонада маҳбуснинг юраги уришдан тўхтаган, жарроҳлик муолажалари натижа бермаган.
Маълумот учун, 2020 йил декабрь ойида “Forbes” журнали Дёрст оиласининг бойлигини 8,1 миллиард долларга баҳолаган. 2006 йилда у оилавий бизнесдаги ўз улушини қариндошларига 65 миллион долларга сотган. Шу тариқа Дёрстлар оиласи АҚШнинг энг бой оилалари рўйхатида 47-ўринни эгаллаган.
2015 йил март ойида Дёрст яқин дўсти Сюзан Берманни ўлдирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Аёл 2000 йилда ўз уйида бошидан ўқ еган ҳолатда топилган. 1982 йилда эса миллионернинг рафиқаси сирли равишда ғойиб бўлган, кейинчалик унинг вафот этгани эълон қилинди.
2001 йилда Дёрст ўзи билан қўшни бўлиб яшаган одамни ўлдирган. Ушбу қотиллик учун у судланган, аммо суд маслаҳатчилари уни ўзини мудофаа қилиш зарурати доирасида ҳаракат қилган, деб топган.
2021 йилнинг 14 октябрь куни АҚШ суди миллионер Роберт Дёрстни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.
LiveБарчаси