Умра сафарини бизнесга айлантирганлар

Интервью

Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил этиш масаласи сўнгги йилларда тортишувли ва ҳатто, фожиали соҳа сифатида тилга олинмоқда. Чунки, муқаддас ибодат сафари деб бошланган йўл айримлар учун синовга айланди. Тур фирмаларнинг эҳтиётсизлиги туфайли зиёратчилар ҳаёти хавф остида қолгани, зиёратчилар дуч келган ва келаётган муаммолар, улардаги камчилик ва ютуқлар ҳамда Умра квоталари, нархлар ҳақида батафсил тўхталамиз. Муқаддас сафар ортидаги аччиқ ҳақиқатлар, тизимдаги бўшлиқлар ва янги талаблар – барчасини таҳлил қиламиз. 

Ўзбекистон мустақиллик йилларида диний зиёрат туризми, хусусан Ҳаж ва Умра сафарлари доимий равишда давлатнинг қатъий назорати остида бўлган. Бироқ, 2016 йил охирида бошланган сиёсий ислоҳотлар ушбу соҳада ҳам туб бурилиш ясади. Бу даврда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирлари тўлиқ давлат монополиясида эди. Рақобат йўқ, танлов йўқ, ягона ташкилот – ягона нарх сиёсати. Сафарлар фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилар, хусусий фирмаларнинг аралашуви тақиқланганди. 

2017 йилдаги ислоҳотларнинг бошланиши ва квоталарнинг ошиши гўёки “музларнинг эриши” каби таснифланади. 2016 йилга қадар Ўзбекистон учун йиллик Ҳаж квотаси 5 200 нафар, Умра квотаси эса 6 000 нафар атрофида бўлиб, бу ўша вақтдаги 32 миллионлик аҳоли учун жуда кам миқдор эди. Одамлар навбати келишини йиллаб, баъзан эса ўн йиллаб кутишларига тўғри келарди. Айрим ҳолатларда навбатни “тезлаштириш” учун амалдорлар маҳаллалар ва ҳокимият хизматига шайланарди. 

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича 364-сонли қарорида ушбу жараён Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги ҳамкорлигида олиб борилиши белгиланганди. Бироқ, норматив ҳужжатларда хусусий тур операторлари умра ташкил қилиши мумкин эмас, деган қатъий тақиқ очиқ ёзилмагани ҳуқуқий бўшлиқни юзага келтирди. Ана шу “ёзилмаган тақиқ” кейинчалик бутун бир параллель бозор пайдо бўлишига замин яратди.

2017–2021 йилларга келиб, Умра бозори амалда икки йўналишда ишлай бошлади: бири давлат орқали, иккинчиси хусусий тур фирмалар орқали. Давлат пакетлари нисбатан арзонроқ, тиббий ходимлари, гуруҳ бошлари, 3 маҳал овқат ва ташкилий кафолатлар билан ажралиб турарди. Шу жиҳатларига кўра, ёши катта ва сурункали касаллиги бор фуқаролар давлат тизимига ишонч билдирарди. Бироқ, давлат томонидан ташкил этиладиган сафарлар навбати узундан узун эди. Айримлар бир неча йиллаб навбатини кутишга тўғри келган.

Навбат кутишни истамаган, имконияти бир оз юқори бўлганлар хусусий фирмаларга мурожаат қила бошлади. У ерда нархлар бир оз баланд бўлиб, хусусий фирмалар мижозларини Ҳарамга яқин меҳмонхоналар ва тез жўнатиши билан ўзига жалб қиларди. Муаммо шундаки, фирмалар Ўзбекистон эмас, балки қўшни мамлакатлар орқали турли йўллар билан умра зиёратларига олиб чиқишди. Баъзи фуқаролар бу каби “имконият”дан фойдаланиб, Умрага Қирғизистон ва Қозоғистон орқали боришга уринди. Бу мамлакатларда Умра бозори хусусий секторга очиқ эди, шу боис фуқаролар тезроқ сафар қилиш имкониятини қидирарди. Одамларда сохта Қирғизистон ёки Қозоғистон паспортлари орқали чиқиш ҳолатлари кузатилди. Оқибатда Саудия Арабистонида ҳужжатлар муаммолари туфайли айримлар депортация қилинди, бошқа бир гуруҳ зиёратчилар оғир ҳолатларга тушиб қолди.  Бу воқеалар давлат назоратининг кескинлигини янада кучайтирди ва хизматларни тартибга солиш чораларини қатъийлаштиришга сабаб бўлди.

2022 йилдан бошлаб мамлакатда хусусий туроператорларга Умра зиёратини ташкил этишга расман рухсат берилди. 2023–2024 йилларда Ўзбекистон Умра зиёратчилари сони бўйича дунёнинг энг етакчи 10 та давлати қаторидан жой олди. Бироқ, соҳадаги ижобий кўрсаткичлар билан бир қаторда, айрим хусусий туроператорларнинг фаолиятида масъулиятсизлик ҳолатлари ҳам кўзга ташланиб қолди. Бир-икки йиллик муваффақиятли ишдан сўнг баъзи фирмалар хизмат сифатига беэътибор бўла бошлади.

Оқибатда хусусий фирмалар томонидан сифатсиз ташкил этилган сафарлар кўпгина ўзбекистонликларни сарсон қилди. Зиёрат давомида қийинчиликлар ва муаммолар келиб чиқарди. 2022 йил 27 декабрь куни Саудия Арабистонида 50 нафар ўзбекистонлик зиёратчиларни олиб кетаётган автобус ҳайдовчиси машина бошқараётганида ухлаб қолгани сабабли автоҳалокатга учраган. Оқибатда 10 киши жароҳат олиб, касалхонага ётқизилганди. Эътиборли жиҳати, Умра сафари хусусий фирма томонидан ташкиллаштирилганди.

Бу каби ҳолатларнинг кети узилмади, кўплаб ўзбекистонлик зиёратчилар сафар давомида турли қийинчиликларга дуч келди. Ачинарлиси, йиллар давомида “мисқоллаб” маблағ йиққан кексалар бу заҳматларни “ибодатнинг машаққати” ёки “тақдир синови” деб қабул қилиб, “ҳа шунақа бўлар экан, кўчаларда ухлашимиз керак экан ёки 1 маҳал овқат еб зиёрат қиларканмиз”, деган тушунча билан қийинчиликларга дуч келган. 

Кўпчилик зиёратчилар биринчи марта хорижга чиқаётгани сабабли, кўчада қолиш ёки овқатланишдаги муаммоларни сафарнинг ажралмас қисми деб ўйлашади. Ваҳоланки, қонунчилик мезонларига кўра, ҳар бир зиёратчининг хавфсизлиги ва белгиланган хизматлар билан таъминланиши шарт. Бундай ҳолатлар турфирмаларнинг ташкилий ишларга юзаки ёндашуви ва ўз мижозлари олдидаги масъулиятини ҳис қилмаётганидан далолат беради. Хусусий турфирмалар фаолиятидан азият чекканлардан бири QALAMPIR.UZ’га бошидан ўтказганларини сўзлаб берди.

Янги йил байрамини Умра зиёрати билан қарши олиш ниятида ижтимоий тармоқлар орқали реклама қилинган Ўзбекистондаги турфирмалардан бирига мурожаат қилгандим. Суриштирувларимга кўра, мазкур туристик компанияси лицензияга эга. Бироқ, сафар давомида кўрсатилган хизматлар даражаси қониқарли бўлмади. Асосий муаммолардан бири – гуруҳда элликбошилар сонининг камлиги, шунингдек, уларнинг ёш ва тажрибасиз экани бўлди. Улар зиёратчиларга деярли эътибор қаратмади, зарур йўл-йўриқ ва тушунтиришлар берилмади. Бу эса сафар давомида қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди. Январь ойида Покистон ҳаво йўли ёпилгани сабабли бир кун аэропортда қолиб кетдик. У ерда бизни ташкилотчилар эмас, умуман танимаган бир йигит кутиб олди. Турфирма томонидан етарли ташкилий ёрдам кўрсатилмагани вазиятни янада мураккаблаштирди. Муаммони охир-оқибат Тошкентдаги танишларимиз орқали ҳал қилишга мажбур бўлдик. Шахсан менинг кўп таниш-билишларим борлиги боис масала ечимини топди. Аммо, вилоят ёки чекка ҳудудлардан борган оддий фуқаролар бундай вазиятда кимга мурожаат қилишини билмай қолиши мумкин. Шу боис зиёрат сафарларини ташкил этаётган турфирмалар элликбоши сифатида ёши улуғ, тажрибали ва масъулиятли шахсларни тайинлаши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Айниқса, нуроний ота-оналар учун бундай ҳолатлар янада оғир кечиши мумкин.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, “Panorama Airways” ва “Gulbahor Airways” авиакомпанияларининг хатти-ҳаракатлари туфайли жами 2558 киши жабр кўрган. 2022 йилда ташкил этилган “Panorama Airways” Ўзбекистон шаҳарларидан Мадинага тўғридан тўғри парвозларни йўлга қўйган илк маҳаллий авиакомпания бир эди. 2022 йил октябрь ойида компаниянинг Тошкент–Мадина рейсида учган самолёти техник муаммолар сабаб, 2 соат ўтиб Тошкентга қайтган. Мазкур Авиакомпаниядаги носозликлар туфайли умра зиёратчилари сарсон бўлгани ҳақида олдинма-кетин танқидий фикрлар кети узилмади. 

Вазиятга ўз вақтида ечим топилмагани боис, 2024 йилга келиб инқироз энг юқори нуқтасига етди.  2024 йилда Умра зиёратига борган 3 мингга яқин ўзбекистонлик “Panorama Airways” рейслари кечиккани сабабли Арабистонда бир неча кун, ҳатто 10 кунгача қолиб кетди. Шу йилнинг ўзида, Умра сафари билан боғлиқ муаммо туфайли хусусий авиакомпания мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди. Масаланинг қизиқ жиҳати, худди шу айбловлар билан мижозларнинг ишончидан чиққан “Gulbahor Airways” компанияси ва “Panorama Airways” компанияларининг норасмий бошқарувчиси бир киши бўлиб чиққан.

Яна бир муҳим маълумот, 2022 йилдан бошлаб ўзаро рақобат туфайли нархларнинг тушиши турпакетлар сифатига, зиёратчиларга хизмат кўрсатишга салбий таъсир ўтказди. Айниқса, йўловчиларнинг аксарияти ёши улуғ кексалар экани ва уларнинг саломатлигига эътиборсиз бўлингани вазиятнинг энг оғриқли жиҳатидир. Айрим ҳолатларда баъзи хусусий фирмалар орқали кетган зиёратчиларнинг соғлиғи борасида умуман ғамхўрлик қилинмаган. Афсуски, бу каби ҳолатлар ҳозир ҳам кузатиляпти. Шундай вазиятлар кишилар кимларга қай тартибда мурожаат қилиши борасида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси билан боғландик.

“2025 йил давомида “Умра” фаолиятини лицензиясиз амалга оширган 71 та турфирмада текширув ўтказилди. 45 та тадбиркорлик субъектига БҲМ 200 баравари миқдорида жарималар қўлланилди. Шунингдек, ноқонуний умра фаолияти ва фирибгарларга алданиб қолмаслик бўйича фуқароларимиз хабардорлигини ошириш мақсадида ижтимоий тармоқларда 207 та чиқишлар, маълумотлар, роликлар, подкастлар жойлаштирилди. Шунингдек, фуқароларнинг ушбу масала бўйича мурожаатлари бўлса, “Cаll markaz”га 71 207-17-58 (ички 123 ёки 124) ҳамда +99898 140-04-75 телефон рақамлари орқали боғланишлари мумкин.”

Давлат томонидан ташкил этилган сафарларда эса 2 хил пакет мавжуд бўлган. “Люкс” ва “Комфорт” пакетлар. Комфорт сафар муддати 10 кун, баҳоси 16 миллион 600 минг сўмдан бошланиб, унда Умра визаси ва тиббий суғурта, авиачипта, имом-хатиб ва мударрислардан иборат элликбошилар, Мадина, Макка ва Жидда йўналишларида хизмат кўрсатадиган замонавий автобуслар, 3-4 юлдузли меҳмонхона, уч маҳал иссиқ овқат – нонушта, тушлик ва кечки таом, энг муҳими кун ва туннинг исталган вақтида тиббий хизмат, сумка ва нимча ҳамда сафардан қайтишда зам-зам суви киритилган. Люкс пакет сафарининг баҳоси 20 миллион 400 минг сўмдан бошланади. Уларнинг асосий фарқи – меҳмонхоналар неча юлдузли экани, Ҳарами шарифларга қанчалик яқинлиги, хоналарда неча киши яшаши билан фарқланади. 

Аммо, аксар хусусий турфирмалар зиёратчилар хавфсизлиги ва шароитларини ўйламай, сифатга эмас сонга эътибор қаратиб, кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Юзлаб малакасиз фирмалар тез ва осон пул топиш илинжида кўпайиб кетди, оқибатда эса меҳмонхона ва қайтиш чипталари билан боғлиқ фирибгарликлар сони ошиб кетди. Бундан ташқари, лицензиясиз фаолият юритган бир қатор фирмалар устидан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу воқеалар давлатни кескин чоралар кўришга мажбур қилди. Шу боис, 2024 йилда Умра зиёрати қаттиқ назоратга олинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 668-сонли қарори билан хусусий сектор учун “фильтр” ўрнатилди. Унга кўра, Умра ташкил этувчи фирмалар учун 100 000 АҚШ долларидан 1 миллион АҚШ долларигача (Зиёрат жамғармасига) гаров маблағи қўйиш талаби киритилди. Шунингдек, диний билимга эга бўлган мутахассис-гидлар штатда бўлиши шарт қилиб қўйилди.

Бугунги кунда Ҳаж ва Умра сафар навбатлари электрон тизим орқали шаффофлаштирилди. Бунда тизимга кириб, ҳар бири киши навбатини ўзи кўриб туриши имкони яратилди. Давлат идоралари билан бир қаторда ҳозирда 12 та лицензияга эга хусусий турфирмалар ҳам фаолият кўрсатмоқда. 

Аммо, лицензияга эга турфирмаларда ҳозиргача қатор камчиликлар кўриниб қоляпти. Улар воситачи “уддабуронлар”лар билан ўзаро келишган ҳолда, хизмат кўрсатувчиларининг сонини оширмоқда. Яъни, чайқовчилик қилаётганлар хусусий фирмалардан арзонроқ нархда жой ўринларини олиб, устига ўзларининг хизмат ҳаққини қўйиб, сафарни ташкиллаштириб бермоқда. Оқибатда, ташкилотчи хизматидан тўғридан тўғри фойдаланмаган, зиёратчилар яна ва яна турли ноқулайликларга дуч келяпти. Бунга асосий сабаб ўртадаги воситачилар бўляпти. Эътибор беринг ваъда учинчи кишилар томонидан бериляпти. Бунда зиёратчиларнинг хавфсизлиги, хизмат сифатлари гумон остида қолади. Муаммо айнан шу ерда бошланади. Агар рейс кечикса, меҳмонхона билан муаммо чиқса ёки авиакомпания шартномани бажармаса, жавобгарлик масаласи ҳавода осилиб қолади. Воситачи фирма “биз фақат одам йиғдик” дейди. Асосий компания эса “бизга тўғридан тўғри мурожаат қилинмаган” дейиши мумкин. Натижада зиёратчи икки ўртада сарсон.

Ички ишлар вазирлигининг 2026 йил январь ойидаги хабарига кўра, Ўзбекистонда 19 минг 547 нафар фуқарони Умрага ноқонуний юборганлар ушланган. Улар 2 йил давомида фуқаролардан 22 млн 846 минг 590 АҚШ доллари миқдорида нақд пуллар олган. Уларга нисбатан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган. Жорий йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев жиноий тўдалар бизнесни ниқоб қилиб олиб, ноқонуний ташкил этилаётган умра ва ҳаж зиёратларини кескин танқид қилганди.

Ҳукумат талабларни кучайтирди, депозит қўйилди, рўйхат қисқартирилди. Лекин савол очиқ қолмоқда, нега мурожаатлар камаймаяпти? Сўнгги ойларда таҳририятларга келаётган шикоятлар бир хил мазмунда: “самолёт учмай қолди”, “рейс бекор бўлди”, “меҳмонхона тайёр эмас”, “овқат йўқ”, “гид йўқ”, “ҳеч ким жавоб бермаяпти”. Энг хавотирлиси бу ҳолатлар фақат лицензиясиз “кўча фирмалари” билан эмас, расмий рўйхатдан ўтган компаниялар номи атрофида ҳам учрамоқда. Ҳукумат қатъий талаб қўйган бўлса-да, фирибгарлик тўлиқ йўқолгани йўқ. Зиёрат бизнес эмас. У ерда инсоннинг ишончи бор. Ишонч эса бир марта синса, тиклаш жуда қийин. Лицензияга эга фирмалар янада кўпроқ даромад орттириш мақсадида қўшимча ёлловчи, мижоз топувчилардан фойдаланяпти. QALAMPIR.UZ’га келиб тушган хабарларга кўра, хусусий фирмалар “номидан фойдаланиш” ҳолатлари кузатилмоқда. Яъни, бир компания лицензия олади, бошқалар унинг соясида ишлайди. Муаммо чиққан пайтда эса жавобгарлик масъулияти очиқ қолиб кетиши мумкин. Агар фуқаро тўғридан тўғри шартнома қилмаса, воситачилар занжири узилмаса, сарсонлик ҳолатлари, муаммолар давом этаверади, сафар машаққатлари қийинлашаверади.  

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Ҳаж ва Умра ягона портали” ишга туширилди. Эндиликда зиёратга бориш истагида бўлган фуқаролар учун ушбу портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланган. 2026 йил 1 февралдан бошлаб Ҳаж тадбирига, 2026 йил 1 майдан бошлаб умра тадбирига бориш учун порталда рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланди. Дин ишлари бўйича қўмитанинг билдиришича, бу жараён аҳоли ўртасида ҳеч қандай навбатлар юзага келтирмайди. Аксинча бу тизим фуқароларга бир қанча енгилликлар беради. Эндиликда, зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб сафарларни ташкил этишга йўл қўйилмайди. Бу маълумотларни порталга киритиш лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Шунингдек, фуқароларга қонуний тадбиркорлик субъектини ноқонунийсидан ажратиб олиш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари, лицензияга эга тадбиркорлик субъекти ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан таклиф этилаётган умра хизматлари тўғрисидаги маълумотларни фуқаро уйидан чиқмаган ҳолда ўзига маъқул шаклда танлаш ва онлайн банд қилиши мумкин бўлади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳаж Умра бизнес таҳлил фожиали соҳа Тур фирма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг