“Ўлдирилиши ҳам мумкин эди”. ЖҲҚҚ Ўзбекистонни Фотима Жўраева ишини ошкора тергов қилишга чақирмоқда
Жамият
−
11 Декабрь 2021
22102Ўзбекистон ҳукумати блогер Фотима Жўраевага қилинган ҳужум юзасидан тезкор ва ошкора тергов олиб бориши ва унинг хавфсизлигини таъминлаши керак. Бу ҳақда жаҳон Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида сўз боради.
“ОАВда ёзилишича, 22 ноябрь куни Фотима Жўраева “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Андижон вилояти Улуғнор тумани бўлими бош ҳисобчиси Сайдулло Мамадалиев томонидан калтакланган. Жўраева Мамадалиевдан ўзи ҳуқуқшунос сифатида ишлаб келаётган фермер хўжалигига оид электр энергиясидан қарздорликни сунъий равишда оширилганлиги бўйича тегишли ҳужжатларни беришини талаб қилган. Шунда корхона бош ҳисобчиси унга қўпол муносабатда бўлиб, уни ҳақорат қилиб, қўли билан унинг юзига урган ва қўл телефонини синдириб юборган”, дейилади баёнотда.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисобчи Сайдулло Мамадалиевга Facebook орқали алоқага чиққан. Бироқ Мамадалиев томонидан жавоб бўлмаган. Қўмита мазкур иш Бош прокуратура томонидан назоратга олингани, текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани, бироқ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ баёнотида Мамадалиевнинг Жўраевага қўл кўтаргани рад этилганига эътибор қаратган.
“Ўзбекистон ҳукумати блогер Фотима Жўраевага қилинган ҳужумни чуқур ва ишончли тергов қилиб, айбдорларни жавобгарликка тортиши керак. Коррупция билан боғлиқ иддаоларни тергов қилаётган ўзбек журналистлари ва блогерлари кўз ўнгида расмийлар уларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари жазосиз қолмаслиги ҳақида аниқ сигнал беришлари керак”, дейди қўмитанинг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид.
Баёнотда таъкидланишича, 2012 йилдан бери блог юритишда фаол бўлган Жўраева маҳаллий аҳолининг коррупция ва бошқа адолатсизликлар ҳақидаги шикоятларини тез-тез текшириб туради. Жўраева Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жамоатчилик кенгашининг аъзоси.
Қайд этилишича, блогер Фотима Жўраева ўзига қилинган зўравонликдан сўнг, ҳуқуқ-тартибот органларига қўнғироқ қилиб, хабар берган. “Агар у ўз вақтида ички ишлар ходимларини чақирмаганда, йирик коррупцион схемани фош қилиш жараёнида, балки ўлдирилиши ҳам мумкин эди”, дейилади баёнотда.
Ўтган давр мобайнида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизматига ва жамиятнинг Андижон вилояти ҳудудий бўлимига қўнғироқ қилиб, электрон почта манзилиги мактуб йўллаган. Шунингдек, Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга ҳам бир қатор саволлар йўллаб, изоҳ бериши сўралган. Бироқ Шамсутдиновдан жавоб бўлмаган.
LiveБарчаси