Улар оч экан, биз тўқ ўтиролмаймиз. QALAMPIR.UZ’дан Ўзбекистон Ҳукуматига тавсия ва таклифлар

Таҳлил

image
“Отарчи” тамғаси кимдан чиқади, “диванный комментатор”данми? Назарбеков нима дейди? north_east

“Отарчи” тамғаси кимдан чиқади, “диванный комментатор”данми? Назарбеков нима дейди?

Жорий йилнинг 15 март куни коронавирус Ўзбекистонда аниқлангани расман маълум қилинди. Аввалроқ Президент фармойиши билан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилганди. Ҳозирда мазкур комиссия коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ўз ваколатларини амалга оширмоқда.

Кейинроқ карантин ҳолати жорий қилингач, деярли барча ташкилотларда иш фаолияти тўхтади. Фуқароларнинг бемақсад кўчага чиқиши тақиқланди. Халқимиз қонига яхшилик сингиб кетган. Қийин вақтларда бир-бирини йўқлаш, яқинлар ҳолидан хабар олиш деган яхши фазилатлар бор. Шу мақсадда, кексалар ва нуронийлар, ногиронлар, ёлғиз яшовчи фуқароларнинг хонадонларига турли мустақил ҳомийлар, волонтерлар томонидан хайрия маҳсулотлари тарқатила бошлади.

Аммо бу ҳолат айрим фуқароларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлганлиги айтилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Эльмира Боситхоновага кўра, вазирликка 5 кунда 494 та ушбу мазмундаги норозилик мурожаатлари келиб тушган. Бундан ташқари, айрим фуқароларга устма-уст ёрдам берилгани ҳолда, айрим хонадонлар эътибордан четда қолаётгани ҳақида ҳам 200 га яқин норозилик мурожаатлари бўлгани маълум қилинди.

“Бизнинг тадбиркорларга қаршилигимиз йўқ. Уларнинг ҳомийлик ҳаракатини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Аммо кўрсатилаётган ёрдамлар маҳаллалар билан келишилган, тегишли тиббий кўрик ва санитария талабларига риоя этилган ҳолда эҳтиёжманд оилаларга олиб кирилиши мақсадга мувофиқ”, деди Боситхонова.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан вақтинча тўхтатишга қаратилган қарор қабул қилинди. Соҳа мутахассисларининг фикрлари, савобталаб ва саховатпеша инсонлардан келиб тушган мурожаатларни ҳисобга олган ҳолда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди. Тошкент шаҳри ва маҳаллий ҳудудларда уларнинг бўлимлари ташкил қилина бошлади.

Хайрияни кимдир маҳсулот кўринишида берса, кимдир пул кўринишида ўтказгиси келади. Маҳсулот кўринишидаги хайриялар Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази бўлимларига етказилмоқда. У ердаги ходимлар гигиена ва карантин талабларини ҳисобга олиб, зарур маҳсулотлар эҳтиёжманд оилаларга етказмоқда. Республика махсус комиссияси ўз қарорида пул кўринишидаги маблағларни эса “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказишни тавсия қилди.

“Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди сайтида ҳисоботлар тўлиқ эмас

Биз мазкур ташкилотнинг сайтига кириб, берилган маълумотлар, ҳисоботларни ўрганишни бошладик. Mehrshavqat.uz сайтидаги ҳисоботлар бўлимига кирсак, у ерда охирги марта 2018 йилда берилган ҳисоботлар турганининг гувоҳи бўлдик. 2019 йилда қанча тушум тушгани, тушаётгани ва улар кимларга сарфлангани ёки сарфланаётгани ҳақида маълумот тополмадик. Балки бошқача шаклда юритилаётгандир. Ижобий гумондамиз.

Сайтнинг пастки қисмларида ҳам бундай маълумотларга кўзимиз тушмади. 

Хориж давлатларида бундай ҳисобот шаффоф тарзда жойлаштирилади. Яъни, сиз шаҳарнинг бир чеккасида туриб, хайрия ишларига ҳисобингиздан маълум маблағларни юборасиз. Пул тушган-тушмаганини онлайн тарзда кўриб турасиз ва сайтдаги маълумотлар ҳам вақти-вақти билан янгиланади. Тизим шундай ишончли тарзда ишлайди. Демак, хайрия фонди ҳам тизимни шундай кўринишда жорий қилиши мақсадга мувофиқ бўлади ва одамлар унга янада кўпроқ ишонади.

Ҳукумат коронавирусга қарши курашишда ўз олдига қўйган вазифаларни амалга оширмоқда. Бунда аҳолининг барча қатламлари манфаати ҳисобга олинмоқда. Шу ўринда халқ ҳам жим турмаслиги керак деб ҳисоблаймиз. Биз ҳам бу борада бир нечта таклиф ва тавсияларимизни беришни жоиз деб билдик.

Таклифлар

Бунинг учун “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди ушбу таклифларни амалиётга татбиқ қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Биринчидан, Mehrshavqat.uz сайтида “коронавирусга қарши биргаликда” ёки бошқа номдаянги саҳифа ташкил қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз. Уни ташкил қилишдан асосий мақсад коронавирус ва унинг оқибатларига қарши курашишда ҳар томонлама кўмаклашиш ҳисобланади. Унинг ташкилий-ҳуқуқий, техник масалалари малакали юрист, мутахассислар билан маслаҳатлашилган ҳолда кўриб чиқилиши керак. 

Иккинчидан, cайтда коронавирусга қарши курашиш учун тушаётган маблағлар ҳисоботи (телеметрия шаклида) онлайн кўрсатиб борилиши лозим. Худди коронавирус билан касалланганлар, ундан тузалганлар ва вафот этганлар ҳисоботи шаклида юритилиши керак. Бу бир тарафдан шаффофликни таъминласа, иккинчи тарафдан маблағ ўтказаётган шахсда ишончни мустаҳкамлайди ва натижада беморларга ҳам ҳар тарафлама далда бўлади.

Учинчидан, пул ташлашда ижтимоий келиб чиқишидан барча фуқаролар имконияти ҳисобга олиниши зарур бўлади. Мисол учун, “Тошмат” уйида ўтириб, ўз телефони орқали рақамни тегишли тартибда териб, ҳисоб рақамидан маблағ жўната олсин. Тизим барча бу савобли ишга уйдан туриб ҳам осонгина қўшилиши учун муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун барча уяли алоқа компаниялари SMS кўринишида абонентларга “ягона оператор рақами” ҳақида хабар бериши керак бўлади. Бунда битта SMS’га маълум бир нарх белгиланиши талаб этилади.

Тўртинчидан, сахий фуқаро янада кўпроқ маблағ жўната олиши учун тўлов тизимларида ҳам ушбу рақамга пул йўналтириш функцияси жорий қилиниши керак деб ўйлаймиз.

Бешинчидан, акция кенг оммалашиши учун барча турдаги ОАВларда (интернет, телеканаллар, газета-журнал, радио ва бошқалар) бу ҳақда хабарлар мунтазам бериб борилиши керак бўлади. Алоқа компаниялари ҳам барча абонентларга шундай фонд саҳифаси ишга тушгани ва пул ўтказиш имконияти ҳақида бир вақтда маълумот берса мақсадга мувофиқ бўлади. Шу билан бирга, ушбу ҳисоб рақамни жорий этишда чет элдаги юртдошлардан ҳам юборилиши мумкин бўлган маблағлар ҳисобга олиниши керак.

Энг муҳими, тушаётган сумманинг ҳисоботи ҳафталик, ойлик шаклда (ким қанча маблағ туширгани, нимага сарф этилгани, қолдиқ сумма ва бошқалар) coronavirus.uz расмий сайтида онлайн тарзда халққа кўрсатиб борилиши керак. Шундагина ишончли ва шаффоф тизимга бўлган қизиқиш ортади, аҳоли бошқа эшикка ўзини урмайди. 

Бундай вақтда ҳамма бирлашиши шарт. Давлат халқнинг, халқ давлатнинг ёнида туриши керак. Тома-тома кўл бўлар деганларидек, арзимаган маблағлар ҳам йиғилиб, миллионлаб инсонлардан келса, миллиардга айланиши ҳеч гап эмас. Ўйлаймизки, юқорида ўтирган мансабдор шахслар бу таклифларни кўриб чиқади ва мазкур шаффоф тизим ишга туширилади. Бу орқали коронавирусга қарши курашга Ўзбекистондаги ҳамма ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.

Улар оч экан, биз тўқ ўтиролмаймиз. Улар маҳзун бўлса, биз кулолмаймиз. Улар совуқда қолса, бизга иссиқ уйимиз таътимайди. Биз бормиз, аммо сизнинг иштирокингизсиз бўлмайди. Бирлар учларга, учлар бешларга, озчилик кўпчиликка етар. Ўзингизда борини бошқалар билан бўлишингки, улар ҳаётда қолсин. 

QALAMPIR.UZ таҳририяти Ҳукуматга мазкур таклиф ва тавсияларни амалиётга жорий этиши учун ҳар қандай масалада амалий кўмак беришга тайёр.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳукумат Боситхонова

Баҳолаганлар

282

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг