“Улар менинг давлатимга келмаяпти”. Лукашенко ҳарбийлар муҳожирларга ёрдам берганини тан олди
Олам
−
20 Ноябрь 2021
5937Беларуслик ҳарбийлар ҳамдардлик туфайли Европа Иттифоқи билан чегарадаги айрим қочқинларга Польшага етиб боришга ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақда Беларусь Президенти Александр Лукашенко BBC’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Менимча, бу мумкин. Биз славянмиз, бизда юрак бор. Муҳожирлар Германияга кетаётганини ҳарбийларимиз билади. Эҳтимол, кимдир уларга ёрдам бергандир. Мен бу билан шуғулланмайман”, деган у.
Шу билан бирга, Лукашенко Беларусь расмийларининг ЕИга босим ўтказиш учун миграция инқирозига алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
“Мен муҳожирларни чегарада ушламаслигимни, уларни у ерда сақламаслигимни ва агар мигрантлар у ерга оқиб келишда давом этса, мен уларни тўхтатмаслигимни айтдим, чунки муҳожирлар менинг давлатимга эмас, балки сизнинг мамлакатларингизга кетмоқда”, деб таъкидлаган у.
Президентнинг сўзларига кўра, у муҳожирларни Беларусга шахсан таклиф қилмаган.
“Тўғрисини айтсам, мен уларнинг Беларусь орқали ўтишларини истамайман”, дея қўшимча қилган Лукашенко.
Беларусь-Польша чегарасидаги вазият жорий йилнинг 8 ноябрь куни ёмонлашди. Польша расмийларига кўра, 15 ноябрга қадар 3,5 мингга яқин муҳожир Беларусь томонида “Брузги” — “Кузница” ёпиқ чегара ўтиш жойи яқинида қолган. Улар у ерда лагер ташкил қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, муҳожирлар лагерни тарк этган.
Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек АҚШ ва Буюк Британия Беларусь ҳукуматини инқирозни кескинлаштиришда айблади. Беларусь Давлат чегара қўмитаси, ўз навбатида, Польшани инқирозли вазият яратиб, муҳожирларни Беларусь чегарасига суриб қўйганликда айблади. Минск бўлаётган воқеалар Варшаванинг “бефарқлиги ва ғайриинсоний муносабати” туфайли юзага келган, деб ҳисоблайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь